Республикамизда кенг тармоқли транспорт тизими барпо этилган бўлиб, у мамлакат ичкарисида ва ташқарисида юк ҳамда йўловчилар ташишни, яқин ва олис хорижий мамлакатлар билан иқтисодий алоқаларни таъминлайди. Шу билан бирга транспорт воситаларининг кўпайиши уларни бошқариш вақтида хавфсизлик чораларига риоя қилишга янада масъулият билан ёндашишни талаб қилмоқда. Зотан, транспорт воситалари билан боғлиқ ҳолда содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар таҳлили ҳайдовчилар томонидан ҳамма вақт ҳам хавфсизлик чораларига риоя қилинмаётганидан далолат бермоқда. Бу эса жамиятимизга, аниқроғи, фуқароларимиз ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши аниқ.
Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятларнинг содир этилиши, уларнинг сонини йилдан-йилга ошишига олиб келган сабаблар сифатида қуйидаги омилларни киритиш мумкин, яъни транспорт воситаларининг кўпайиши, маст ҳолатда транспорт воситаларини бошқариш, тезликни ошириш ва бошқа йўл-ҳаракат хавфсизлиги қоидларига риоя қилмаслик ва бошқа ҳолатлар.
Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 266-моддаси бўйича қўзгатилган жиноят ишларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, жиноий жавобгарликка тортилган шахслар асосан маст, жисмонан чарчаган ҳолатда (кўпроқ такси ҳайдовчилари) ёки тезликни ошириш натижасида жиноят содир бўлишига имконият яратилган. Айниқса, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини ҳаракат тезлигини меъёридан ошириши натижасида кўпроқ йўл транспорт ҳодисаси содир бўлишига сабаб бўлмоқда.
Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятининг ярмидан кўпи айбланувчиларнинг руҳий ҳолати меъёрда бўлмаган вақтда содир этилган. Ушбу жиноят содир этилишига қуйидагилар сабаб бўлаётганини таъкидлаш мумкин, жумладан, ҳайдовчилик малакаси (амалиёти)нинг камлиги, ёшларга хос бўлган шошқалоқлик, ўзини кўрсатиш, ўзига жуда ишониш, ҳайдовчиликка ўқитиш жараёнида юзаки билим бериш ва мураббий назорати остидаги автомобилни бошқариш амалиётини жуда кам ўташ бу тезкор вазият вужудга келганда ҳайдовчининг ўзини йўқотиб қўйишига олиб келади, руҳий толиқиш, айниқса, такси ҳайдовчиларининг дам олмасдан (толиққан ҳолда, саккиз соатдан кўп вақт мобайнида) автомобиль бошқариши, маст ҳолатда, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмасдан транспорт воситаларини бошқариш, техник жиҳатдан носоз бўлган транспорт воситаларини бошқариш ва бошқалар.
Бугунги кунда транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятини батамом тугатиш, уларнинг содир этилишига олиб келувчи омилларни тўлиқ бартараф этиш имконияти йўқлиги ҳаммага аён. Ҳатто энг ривожланган давлатларда ҳам транспорт воситалари билан боғлиқ жиноятлар буткул тугатилмаган. Аммо бу турдаги жиноятларнинг сонини камайтириш, олдини олиш имкониятлари мавжуд.
Транспорт воситалари ҳаракати билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш учун, биринчи навбатда, ҳайдовчиларнинг руҳий ҳолатига эътибор бериш лозим. Ўзбекистон Республикасининг 2013-йил 10-апрелдаги, 348-сонли “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўгрисида” ги Қонунининг 17-моддасида, йўл ҳаракати хавфсизлигини тиббий жиҳатдан таъминлаш ҳайдовчиларни мажбурий равишда дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан, шу жумладан, рейс олдидан тиббий кўриклардан ўтказиш амалга оширилиши кўрсатилган бўлсада, амалда мажбурий дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш масалаларига юзаки қаралиб келинмоқда.
Айрим ҳолларда битта ҳайдовчи томонидан бир-неча қоидабузарлик содир этилади. Ушбу қоидабузарликлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва тегишли маъмурий жазо чоралари қўлланилади. Аммо масалани иккинчи томони, яъни ҳайдовчи нима сабабдан кўп қоидабузарликлар содир этганлиги аниқланмайди, унинг руҳий ҳолатида ўзгариш бўлган ёки бўлмаганлиги текширилмайди. Ҳолбуки, фуқаро ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш чоғида соғлом бўлиши мумкин, вақт ўтиб эса унинг руҳиятида ўзгариш бўлганлигини атрофдагилар билмаслиги мумкин.
Йўл-транспорт ҳодисаси содир этилишида, жумладан, ҳаракатланиш тезлигини оширганлиги натижасида, ҳайдовчиларнинг айбдорлиги ёки айбсизлиги масаласини ҳал этишда “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг талабларидан келиб чиқиш лозим бўлиб, унга кўра, ҳайдовчи транспорт воситасини белгиланган чекланган тезликдан оширмасдан ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, хусусан, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда бошқариши керак.
Шу талабдан келиб чиқиб, ҳаракатланиш учун хавф пайдо бўлганда, агар ҳайдовчида буни пайқаши имконияти бўлса, у транспорт воситасини тўхтатиш даражасигача тезликни камайтириш чораларини кўриши лозим.
Ҳаёти ёки соғлиги хавф остида қолган шахсга била туриб ёрдам кўрсатмаслик деганда, транспорт воситаси ҳайдовчиси жабрланувчи ёшлиги, кексалиги, касаллиги ёки ожиз аҳволда бўлганлиги сабабли мустақил равишда тиббий ёрдам сўраш имкониятига эга эмаслигини, унинг ҳаёти ёки соғлиги учун хавф мавжудлигини англаган, бироқ унга зарур ёрдам кўрсатмаган (масалан, ҳайдовчи ҳодиса жойидан яширинган, биринчи тиббий ёрдам кўрсатмаган, тез тиббий ёрдам чақирмаган, жабрланувчини яқин орадаги даволаш муассасасига олиб бормаган ва шу каби) ҳоллар тушунилиши лозим.
Самарқанд вилоят судининг судьяси
Набиев Отабек
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон
шаҳар судининг раиси Олтибоев Абдихаким