Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Италия президенти Сержо Маттарелланинг таклифига биноан 7-9 июнь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Олий даражадаги учрашувлар Рим шаҳрида бўлиб ўтади. Давлат раҳбари Италия президенти Сержо Маттаррелла ва бош вазири Жоржа Мелони билан музокаралар ўтказади.
Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ва устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади. Халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон етакчиси бош қароргоҳи Италия пойтахтида жойлашган Бирлашган Миллатлар Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Цюй Дунюй билан учрашув ўтказади. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Ташрифнинг ишбилармонлик дастури Милан шаҳрида бўлиб ўтади – Ўзбекистон президенти Ломбардия провинцияси губернаторини қабул қилади ҳамда Италиянинг етакчи компания ва ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.