Ғарб жиноят процесси миллий моделлари турли-туман бўлса-да, ҳозирда ғоявий жиҳатдан яхлитдир. У инсон ҳуқуқлари фалсафаси ва фундаментал демократик принциплар: айбсизлик презумпцияси, одил судга бўлган ҳуқуқ, айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш, процессуал мажбурлов чораларини қўллашда шахс ҳуқуқларини кафолатлашга асосланган. Мазкур қадриятлар универсал ҳисобланиб, миллий қонун чиқарувчи томонидан жиноят-процессуал нормалар ва институтларни шакллантиришда шубҳа остига олиниши мумкин эмас.

АҚШ ва Англия жиноят процесси қўлида жиноят-процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ва қарорлар қабул қилиш бўйича барча ваколатлар жамланган, иш ҳолатларини тўлиқ, ҳар томонлама ва объек­тив аниқлаш мақсадида исботлашни амалга оширувчи процессуал ҳокимиятнинг ягона маркази мавжудлигини техник жиҳатдан инкор этади. Англия ва Америка жиноят процессига «жиноят иши», «жиноят иши бўйича иш юритиш», «жиноят иши бўйича иш юритувчи шахс» категориялари номаълум.

АҚШ суд назоратининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, АҚШ Олий суди томонидан суд назоратининг предмети ва чегараси белгилаб берилади. Полиция мустақил равишда фақатгина фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини чекламайдиган тергов ҳаракатларини ўтказиш ҳуқуқига эга, қисқа муддатли ушлаб туришдан бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллашга ҳақли эмас.

Англо-саксон ҳуқуқ тизимида ишни мазмунан кўриш асосан жамоатчилик вакиллари (присяжныйлар суди) томонидан про­фессионал судьянинг раҳбарлиги остида амалга оширилади, прокурорнинг ваколатлари чекланганлиги сабабли, суд ишни судга қадар юритишда шахс ҳуқуқ ва эркинликларининг асосий, балки ягона ҳимоячисидир.

АҚШда етарли асослар мавжуд бўлса, полиция қамоққа олиш ёки тинтув ўтказиш ҳақида судга мурожаат қилади. Магистрат суди қамоққа олиш ёки тинтув ўтказиш масаласини ҳал қилади. Жиноят иши қўзгатиш босқичи мавжуд эмаслиги сабабли, ордер берилиши кўпгина штатларда жиноий таъқиб бошланганлигини англатади.

АҚШда далилларни номақбул деб топиш йўли билан суд назоратини амал­га ошириш, яъни далил конституциявий ҳуқуқларни бузган ҳолда олинган бўлса, уни номақбул деб топишнинг ўзи самарали механизм ҳисобланади.

Суд назорати бўйича энг машҳур суд прецедентларидан бири 1961 йилдаги Марр v. Ohio ҳисобланади. Огайо полицияси Dolree Марр исмли шахснинг уйида ўтказилган тинтув натижасида порнографик материаллар сақланаётганлигини аниқлаган. Ушбу далиллар асосида Dolree Марр судланган, бироқ суд ҳукмига апелляция берган. Олий суд полиция томонидан уйни тинтув қилиш жараёнида Марр тинтув ўтказилаётгани ҳақида огоҳлантирилмаганлиги сабабли тўпланган далилларни номақбул деб топган.

Powell v Nevada, 511 US.79 прецеденти бўйича эса, жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушланган Powell 72 соат ичида судга келтирилмаган. Ушлаб турилишининг 48 ва 72 соати оралиғида у иқрорлик кўрсатмалари берган. Судда Powellнинг иқрорлик кўрсатмалари унга қарши фойдаланилган ва у айбли деб топилган. Powell ҳукмдан норози бўлиб, кўрсатмалар у ноқонуний ушлаб турилган вақтда, яъни 48 соат ичида одил судловга бўлган ҳуқуқи бузилган ҳолда олинганлиги сабабли иқрорлик кўрсатмасини номақбул далил деб эътироф этишни сўраган. Суд унинг важларини асосли деб топган.

1970 йил 14 январда полициянинг 6 нафар офицери қотилликда гумон қилинган Paytonнинг яшаш жойига суднинг рухсати­сиз кириб, далилий ашё бўлган гильзани топганлиги ҳолатига асосланган суднинг айблов ҳукми Конституциянинг 4-қўшимчасига хилофлиги сабабли бекор қилинган ва натижада «Payton» қоидаси номли преце­дент юзага келган.

Johnson v. United States ишида полиция кечиктириб бўлмайдиган ҳолат тушунчасини ўзича талқин қилганлиги, яъни Johnsonнинг меҳмонхонадаги хонасида суднинг рухсатисиз тинтув ўтказилганлиги, ҳаттоки айбланувчининг гиёҳванд моддалар истеъмол қилганлиги ҳақида далиллар аниқланган бўлса-да, унинг хонасига киргунга қадар полицияда суднинг рухсатисиз тинтув ўтказиш учун етарли асослар бўлмаганлиги сабабли, суднинг қарори бекор қилинган. Конституциявий ҳуқуқларни чеклаш учун суд томонидан рухсат бериш «No warrant shall actually designed without probable case» («Эҳтимолий сабабсиз суднинг ордери берилмайди») қоидасига асосланади.

Уйида тезкор маълумотлар асосида тин­тув ўтказилган Spinelli иши эса, полициянинг ўзи ёки унга кўмаклашувчи шахсларнинг тинтув ўтказишга асослар мавжудлиги ҳақида гувоҳлиги номақбуллиги ҳақидаги қоиданинг шаклланишига олиб келди.

АҚШда ҳам суд камдан-кам ҳолларда тинтувга рухсат беришни рад қилганлиги сабабли, унга фақат расмиятчилик деб қараш ҳам мавжуд.

Жиноят ишлари бўйича тергов Федерал тергов бошқармаси ва бошқа кўплаб федерал хизматлар, шунингдек тегишли штат ҳукуматига ёки графлик, шаҳар ёхуд қишлоқ муниципалитети маҳаллий ҳокимиятига бўйсунувчи, бир-биридан мустақил бўлган кўплаб полиция муассасалари то­монидан олиб борилади. Улар гумон қилинувчини ҳибсга олиш, тергов қилиш, жи­ноят далилларини излаб топиш ва йиғиш ҳуқуқига эгадирлар, ҳибсга олиш, тинтув қилиш ва бошқа баъзи тергов ҳаракатлари полиция томонидан суднинг рухсатини олдиндан ёки алоҳида ҳолларда кейин олиб амалга оширилади.

Буюк Британияда ҳам суд назорати ишни судга қадар юритишнинг таркибий қисми ҳисобланади. Полициянинг ваколатлари фақат суднинг рухсати билан ва мустақил равишда ўтказиладиган ваколатларга бўлинади. Ушланган ҳар қандай шахс судга келтирилади ва ушлаш асослари текширилади, асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, суд уни озод қилиш ҳақида қарор чиқаради. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи барча ҳаракатлар, жумладан, тинтув фақат суд буйруғи билан ўтказилади.

Англо-саксон ҳуқуқ тизимида суд назоратининг ўзига хос хусусиятларига қуйидагиларни киритиш мумкин:

ишни судга қадар юритувчи органлар, шу жумладан, полициянинг айблов функцияси аниқ белгиланган;

            суд назорати тарафларнинг тортишуви принципи асосида амалга оширилади;

шахснинг конституциявий ҳуқуқларини бўзиш йўли билан олинган далиллар ҳар бир ҳолатда номақбул далил деб эътироф этилади;

            суд назорати алоҳида институт эмас, бал­ки жиноят процесси, шу жумладан, ишни судга қадар юритишнинг таркибий қисми ҳисобланади;

            судьялар шахснинг конституциявий ҳуқуқларини чеклаш билан боғлиқ масалаларда нафақат муайян масалани кўриб чиқиб ҳал қилади, балки ҳуқуқ нормаларини яратади ва ривожлантиради;

            суд назоратни амалга ошириш жараёнида нафақат қарор ва ҳаракатларнинг қонунийлиги, асослилига баҳо беради, балки далилларни текширади ва етарли эканлигини муҳокама қилади. Далиллар етарли бўлмаса, жиноий таъқиб тугатилади.

Буюк Британияда суд назорати айнан жиноят процесси институти сифатида эмас, универсал институт сифатида фаолият кўрсатади.

Анъанага кўра, Буюк Британияда ишни судга қадар юритувчи органларнинг қарорларини бекор килиш учун асослар учга бўлинади: 1) қарор қабул қилувчининг ноқонуний ҳаракат қилганлиги (illegality); 2) қарор адолатсиз процедура натижасида қабул қилинганлиги (procedural impropriety); 3) қарорнинг асоссиз ёки иррационаллиги (irrationality’ or ‘unreasonableness). Бироқ, мазкур асослар доимий равишда ривожланиб, кенгайиб бормоқда, масалан, Европа қонунларининг, шу жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ев­ропа конвенцияси бўзилиши ҳам асос бўлиши мумкин.

Буюк Британияда суд назорати натижасига кўра, ҳуқуқни тиклаш воситалари ҳам турличадир. Баъзида қарор қабул қилувчига қайта қарор қабул қилиш вазифаси юкла-тилади, бироқ қарор мазмунига бирор-бир шарт қўйилмайди.

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

шаҳар судининг раиси Олтибоев Абдихаким

Жиноят ишлари бўйича Жомбой туман судининг раиси Абдураззаков Абдусаттор

One thought on “Англо-саксон ҳуқуқ тизимида суд назорати”

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan