Маълумки, Юртбошимизнинг ташаббуси билан жамиятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини шакллантириш борасида сайёр суд мажлислари ўтказилиши, ҳуқуқ-тарғибот ишлари амалга оширилиши белгилаб берилди.
Шу қатори, сайёр суд мажлислари ўтказилишида ва аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказишда ажиб бир ҳолатга гувоҳ бўлдим. Шу тартибни сиз азизлар билан ўртоқлашмоқчиман.
Айтингчи, ўзимиз билган, англаган «Муқаддас» таърифи берилган тушунчаларга таъриф беринг. Мисол учун муқаддас Ватан, муқаддас оила, муқаддас ота-она. Тўғри, таърифи берилган тушунчалар кўп, бироқ асосийлари юқорида баён этилганлар, яна бир асосий «муқаддас» таърифи берилган тушунча бу динимиз нуқтаи назаридан Оллоҳнинг каломи ҳисобланган «Қуръони карим»дир.
Тасаввур қилайлик тарози, икки палладан иборат. Ушбу тарози- нинг бир палласида «муқаддас» таърифи берилган «Қуръони карим» турса, иккинчи палласи- да муқаддас таърифи берилган «Ватан» туради. Яъни, иккаласи бирдек тенг аҳамиятга, қудратга ва қадрга эга.
Ёки, бир палласида «Қуръони карим» турса, иккинчи палласида «муқаддас» таърифи берилган «Оила», «ота-она» туради. Улар ҳам «Қуръони карим» билан бирдек тенг аҳамиятга эга.
Қизиқ савол туғилади. Нега орамизда «Қуръони карим» китобини бетаҳорат ушлашга қўрқадиларку, пул учун Ватанни сотадиганлар ҳам бор. Бундайлар хатто ўз ота-боболарининг ҳоки ётган, киндик қони тўкилган она Ватанидан ўзга юртларни устун кўрадиганлар бор. Бундан ташқари, айрим мана шундай кимсалар «Қуръони карим»ни бетаҳорат ушлашни гуноҳ эканлигини билишадику, ўз «оила»сига хиёнат қилишдан қўрқмайдилар? Бундай кимсалар ойдек оиласини ташлаб, эрига ёки хотинига хиёнат қилаётганлар бор. Қадимдан бундай инсонлар қаттиқ жазоланган, халқдан айро қилинган. Бундан ташқари, баъзилар борки, улар «Қуръони карим»ни бетаҳорат ушлашга қўрқадилару, ўз ота-онасини ҳақоратлаш, уриб, азоб бериш гуноҳ эканлигидан қўрқмайдиганлар. Ахир, ота-онасининг қарғишига гирифтор бўлган бундай фарзанднинг бири икки бўлмаслиги халқимизнинг минг йиллик ақидаларидан бирику.
Бизнинг ушбу тушунчаларни айнан «Қуръони карим» билан солиштиришдан мақсадимиз, барчани ҳушёр торттириш, теран фикрлашга, ўйлашга ва албатта таҳлил қилишга ундашдан иборатдир.
Унутмайлик, бу тўрт мисол бирдек қимматга, бирдек аҳамиятга, бирдек қадрга эга.
Кимда ким, шу тўртала муқаддасга хиёнат қилса, топтаса, билайликки у кимса икки дунёда саодат кўрмайди.
Шу ўринда биз, ёшларимиз онгига юқорида айтиб ўтилган тушунчаларимизни тўла тушунтириб етказсак, уларни ардоқлашга, севишга ўргатсак, демак билингки орамизда хоинлар ва хиёнатчилар бўлмайди.
Бу эса барча барчамизнинг вазифамиз, керак бўлса бурчимиздир.
Ҳа, ўз Ватанини, ота-онасини севган инсонлари кўп юртнинг келажаги бардавом, фаровон ва албатта жаннатмакон бўлади.
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон
шаҳар судининг раиси
ОЛТИБОЕВ АБДИХАКИМ
Жиноят ишлари бўйича Жомбой
туман судининг раиси
АБДУРАЗЗАКОВ АБДУСАТТОР