Жамоат тартиби – хавфсизлик ва фуқароларнинг тинчлигини, ўзгалар мулкини сақлашни, жамоат ва давлат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг бир меъёрда ишлаб туришини таъминлашга йўналтирилган одамлар ўртасидаги ахлоқ ва ҳуқуқ нормаларига асосланган муносабатлар тартибидир.

Мазкур тартибнинг бузилиши тегишли тартибда жавобгарликка сабабчи бўлиши мумкин. Хусусан, Жиноят кодексининг 277-моддасида безорилик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, унга кўра, мазкур жиноят жамоат тартибига қарши қаратилган бўлиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатлар шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ёки ўзганинг мулкига анча миқдорда шикаст етказиш ёхуд уни анча миқдорда нобуд қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилади.  

Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик деганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, одоб ва ахлоқ нормалари, урф-одат, анъаналар билан белгиланган жамоат тартибини (одамлараро муносабатлар, юриш-туриш қоидалари, шаклланган ижтимоий турмуш тарзини) қўпол тарзда бузиш тушунилади. Жамоат тартиби қўпол тарзда бузилиши шахс томонидан ЖКнинг 277-моддаси биринчи қисми диспозициясида назарда тутилган ҳаракатлардан бирортаси содир этилишида ифодаланади.

            Безорилик умумий жиноятчиликнинг кам фоизини ташкил қилиб, ҳар йили ошиб бормоқда.

Таъкидлаш жоизки, безорилик жинояти билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланмиш майда безориликни бир-биридан фарқлашлари зарур.

Майда безорилик тушунчаси Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида берилган бўлиб, унинг мазмунига кўра, ушбу ҳуқуқбузарлик жамоат жойларида уятли сўзлар айтиш, беҳаё қилиқлар кўрсатиш, фуқароларга нисбатан ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини бошқача тарзда бузиш каби жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасликда ифодаланади ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Қилмишни майда безорилик сифатида квалификация қилиш учун Жиноят кодекси 277-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноий оқибатлар мавжуд бўлмаслиги керак, яъни, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатлар шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ёки ўзганинг мулкига анча миқдорда шикаст етказиш ёхуд уни анча миқдорда нобуд қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилмаган бўлиши керак. Гуруҳ томонидан содир этилган майда безориликни, башарти, ҳуқуқбузарларнинг ҳаракатида Жиноят кодекси 277-моддасининг 1-қисми аломатлари бўлмаса, Жиноят кодекси 277-моддаси 2-қисмининг «б» банди билан, яъни,  бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган қилмиш сифатида квалификация қилиш мумкин эмас.

Безорилик жиноятининг мотиви безорилик, яъни жамиятга очиқдан-очиқ ҳурматсизлик мотови бўлиб, у ўзининг атрофдагиларга ғайриқонуний қарши қўйиш, ўзининг алоҳида шахсиятини намоён қилишда, дағал кучни намойиш этишда акс этади. Бунда жиноий ҳаракат қандай предметга қаратилганлиги ва у қайси ижтимоий муносабатлар тизимида амалга оширилаётганлиги аҳамиятга эга эмас.

Юқорида келтириб ўтилган таҳлиллардан шу нарса маълум бўладики, безорилик жинояти билан майда безорилик ҳуқуқбузарлигининг бир-биридан асосий фарқи, уларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда ҳуқуқбузарлик объекти, объектив томони ва субъектив томонига алоҳида эътибор берган ҳолда фарқланади.

Самарқанд вилоят судининг судьяси

Набиев Отабек

            Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

            шаҳар судининг раиси

            Олтибоев Абдихаким

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan