Сўз – забаржад, сўз – гавҳар, олтин”, деган эди Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов. Дарҳақиқат, сўз мўъжизаси – инсон онгу қалбига, руҳиятига таъсир этиш қудрати унинг нақадар бебаҳо неъмат эканлигини кўрсатади.
Сўзнинг алоқа ва мулоқот воситаси сифатидаги беқиёс аҳамияти, таъсирчанлиги газетачиликда яққол сезилади. Журналистнинг луғат бойлиги у ёзган асарларнинг муваффақиятини таъминлайди.
Газеталар – жамият кўзгуси, айни пайтда воқеликни аниқ далиллар асосида, таҳлилий ёндашувлар билан ёрқин бўёқларда акс эттирадиган ишончли манба.
Шу боис инсонлар сўнгги асрларда дунёни газеталар орқали англашга интилиб келмоқдалар. Шу билан бирга, ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва ташаббусларини, жаҳонга, давлат ҳокимияти органларига, жамиятга айтар сўзини ана шу мўъжизавий восита орқали билдиришга ҳаракат қилишяпти.
Бу ҳақда ўйлаганда Самарқандда қарийб 110 йилдан буён чоп этиб келинаётган “Зарафшон” газетаси хаёлимда жонланади.
Жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ташаббуси, беш йил давомидаги курашлари меваси ўлароқ, 1913 йилдан чоп этила бошлаган ушбу газеталарда жонажон Ватанимизнинг бир асрдан ортиқ вақт давомидаги солномаси акс этган.
Дастлаб, “Самарқанд” деб аталган ушбу газетанинг кўплаб сонларини жадид маърифатпарварлари нашр қилишган. Шу боис уларнинг ҳар бир варағи тиллога тенг, десам муболағага йўйманг. Чунки ушбу ожизгина варақларда юртдошларимизнинг қалб кўзини очадиган ўтли фикрлар, буюк истиқлол орзуси, қайноқ ҳиссиётлар, мақсад ва армонлар ўз аксини топган. Мақолалар халқни жипсликка чорлагани, истибдод кишанлари, найрангларидан огоҳ этгани, кишиларнинг дунёқарашини кенгайтириб, ватанпарварлик, юртсеварлик, халқпарварлик, маърифатпарварлик туйғуларини бойитгани учун газета ижодкорлари мустамлакачи кучлар томонидан не-не қийинчиликларга гирифтор этилган. Турли сохта айбловлар, туҳмат ва бўҳтонлар, таъна-дашномлар билан ўлим чангалига судраб борилган.
Шу ўринда, ўша мураккаб, қаттол замонларда халқ зиёлилари нега ўлимни бўйнига олиб, газета чиқаришган, деган савол туғилиши табиий. Бу саволга лўнда қилиб жавоб бериш мушкул. Бироқ, шу аниқки, жадидлар ўта ватанпарвар бўлишган, эл-юрт шаъни, қадр-қиммати, келажаги учун жонини тикишга доим тайёр туришган. Иккинчидан эса ўша давр шароитида ўз ғоялари тарғиботининг энг самарали қуроли матбуот эканини тўла англашган. Учинчидан, ўтаётган ҳар бир кун тарих эканини ҳисобга олиб, ўша даврда юз бераётган жараёнларни, ўзгаришларни, ҳақиқат ва адолат курашини қоғозларга муҳрлаб қўйишни исташган. Улуғларимиз матбуотнинг беқиёс кучидан, сўз қудратидан унумли фойдаланишган.
“Зарафшон” газетаси ана шундай қийноқ ва қайноқ тарихни бошдан кечирган, десак хато эмас.
Газета таҳририятида қанчадан-қанча ижодкорлар, халқимизнинг атоқли шоир-ёзувчилари, журналистлари қалам тебратишмаган дейсиз?! Маҳмудхўжа Беҳбудийдан сўнг Абдурауф Фитрат, Саидризо Ализода, Ҳожи Муин каби жадид намояндалари, кейинроқ улуғ адиб, давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидовнинг ушбу газетада муҳаррир бўлганини эслашнинг ўзи “Зарафшон”нинг ўтмиши нақадар шонли эканлигини ойдинлаштиради.
Бундай газетада бош муҳаррир бўлишнинг ўзига хос масъулияти бор. Ҳар сони қўлма-қўл бўлиб, жамиятда катта акс-садо берадиган, давлат эътиборидаги нашрнинг ўз номию шонига мос ўқишли, унинг саҳифаларидан жой оладиган энг кичик хабардан тортиб, кенг ҳажмдаги таҳлиллар, шарҳларнинг савияли бўлишида бош муҳаррирнинг дунёқараши, билим ва салоҳияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Шу маънода, “Зарафшон” газетасига атоқли шоир ва ёзувчилар, таниқли давлат ва жамоат арбоблари раҳбарлик қилгани уларнинг муваффақиятини таъминлаган омиллардан эди. Албатта, газетани ўқишли қилиш бир инсоннинг кучи, салоҳияти билан амалга ошадиган иш эмас. Бунда бутун таҳририят жамоасининг меҳнаткашлиги, ҳамжиҳатлиги, масъулиятлилиги муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, ҳар бир ходим юксак даражада иқтидорли, касбини севадиган, ўз ишининг устаси бўлса, кўзланган мақсадга осонроқ етиш мумкин.
“Зарафшон”нинг бош муҳаррирлари ўз жамоасига ана шундай талантли, моҳир ижодкорларни тўплай олган. Уларни бир эзгу мақсад атрофида жипслаштириб, юксак марралар сари олға бошлай билган.
Бу мўътабар даргоҳда Нуриддин Шукуров каби таниқли олим, Аҳмаджон Мухторов сингари забардаст журналист, Облоқул Усмонқулов, Суръат Орипов, Асад Дилмурод, Анвар Жўрабоев, Холмуҳаммад Нуруллаев, Ҳабибулло Темиров, Марди Нуриддинов, Азиз Йўлдошев, Абдураим Убайдуллаев каби иқтидорли ижодкорлар фаолият кўрсатиб, нафақат Самарқанд, балки бутун мамлакатимиз миқёсида обрў-эътибор қозонишди.
Бу адабий муҳит қанчадан-қанча журналистларни чархлаб, ҳаётга тоблаб, улғайтирди. Уларнинг орасида Абдували Қутбиддинов, Акбар Нурматов, Баҳодир Қобулов, Адҳам Ҳайитов, Абдуманноб Ибодуллаев, Ғолиб Ҳасанов, Акрам Ҳайдаров сингари ўнлаб қалам аҳли ўз ижод йўлига эга бўлди, эл-юртга танилди. Забардаст, ўз сўзи ва ўрнига эга ижодкорлар анъаналарини давом эттираётган кўплаб ёш мухбир, журналистлар ҳам айни кунларда медиа майдонида астойдил қалам тебратмоқда.
Бугунги кунда газетага тиниқли журналист, шоир ва ёзувчи, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев раҳбарлик қилиб келмоқда. Жамият кўзгуси бўлган ушбу нашр кейинги йилларда ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзгариб, Самарқанд воҳасининг овозига айлангани айни ҳақиқат.
Ҳозирги кунда жонажон Ўзбекистонимизнинг янги қиёфасини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар шиддатли тус олган. Барча соҳада очиқлик, ошкораликни таъминлашга асосий мезон сифатида қаралаётган, давлат ҳокимияти органлари ва идоралари фаолиятига халқ билан нечоғли мулоқот ўрнатгани, одамларнинг муаммоларини қай даражада ҳал этаётганига қараб баҳо берилаётган бугунги кунда оммавий ахборот воситалари, хусусан, матбуотнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти кун сайин ошиб бормоқда.
“Зарафшон” газетаси жамоаси ана шу масъулиятни теран англаб, фаолият юритмоқда.
Президентимизнинг “Жамиятимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш борасида сиз, матбуот аҳлининг фидокорона меҳнат қилаётганингизни халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди”, деган сўзлари мамлакатимиздаги барча оммавий ахборот воситалари ходимлари қатори “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари ижодкорларига ҳам ўзгача куч, баланд руҳ бахш этиб келмоқда.
Таассуфки, баъзан турли давраларда интернет имкониятлари, ижтимоий тармоқларнинг оммалашгани инобатга олиниб, “Бугун матбуотнинг даври ўтди”, деган тутуруқсиз гап қулоққа чалинади. Бу луқмани, аниқки, ё ўйнаб гапирганлар, ё ўйламай гапирганлар айтади. Зеро, бугунги замонавий технологиялар газета-журналларнинг, китобнинг ўрнини боса олмаслиги дунёнинг тараққий топган давлатларида аллақачон ўз исботини топган.
Бугун ривожланишнинг юқори даражасига эришган мамлакатларда матбуотни ҳар куни кузатиб бориш инсонлар турмуш тарзининг ажралмас бўлагидир.
Газета – бу тарих. Газета – бу ўзгармас ҳужжат. Йиллар, асрлар ўтиб, ўтмишга назар солинса, айнан газеталар саҳифаларида ўша давр руҳини, воқеалар тарзи ва шиддатини кўрамиз. Тарих қайта жонлангандек бўлади. Шу маънода “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталарининг бир асрдан зиёд вақт давомида нашр этиб келинаётганининг аҳамияти улкан.
Мазкур нашрларнинг бугунги медиа маконида ҳам ўз овози, ўз ўрни бор. Юртимиздаги янгиланишлар насимини халққа етказишга, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, дўстлик, ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшяпти. Уларнинг саҳифаларида рўйи замин сайқали – Самарқанднинг ўзига хос ҳаёт тарзи, давр руҳи, давлат ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маърифий сиёсатининг одамлар турмушини ўзгартираётгани, газетхонларнинг орзу-ўйлари, мақсад ва умидлари, ишончлари содда, самимий ифодаларда бўй кўрсатиб турибди.
Турли жанрлардаги долзарб, бири-биридан қизиқ мавзулардаги материалларни ўқиган инсонлар ўзи яшаётган жой, бу ердаги муҳит, одамларнинг кайфияти, кечаётган ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақида мунтазам хабардор бўлиб бормоқда. Ислоҳотлар жараёнида ўзларининг фикрлари, ғоя ва ташаббуслари билан иштирок этаётир.
Мухтасар айтганда, мазкур нашрларнинг мамлакатимизда маънавий муҳит барқарорлигини, соғломлигини, очиқлик ва ошкораликни, ижтимоий муносабатлар шаффофлигини таъминлашда ҳиссаси беқиёс.
Бугун ушбу газеталарда ишлаётган – у хоҳ журналист, фотограф, хоҳ оддий техник мутахассис бўлсин – ҳар бир ходим олдида салмоқли тарихга эга бўлган нашрларнинг асл мавқеини сақлаш, жамиятимиздаги ўрнини мустаҳкамлашдек залворли вазифалар турибди. Ушбу муқаддас вазифа ҳар бир ишчини ўз устида мунтазам ишлашга, билим ва салоҳиятини муттасил юксалтириб боришга, энг муҳими, буюк жадид боболаримизга муносиблик масъулиятини ҳар сония ҳис қилиб яшашга ундайди.
110 йиллик юбилей санасини нишонлаш арафасидаги “Зарафшон” ва 105 ёшга “тўлаётган” “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти ижодий жамоасига ана шундай шарафли ва масъулиятли ишларда янада ғайрат-шижоат кўрсатишни, изланиш ва интилишдан ҳеч қачон толмасликларини тилаймиз.
Ушбу нашрларнинг келгусида ҳам мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаётида ўз ўрнига эга бўлишига, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлашга баҳоли қудрат ҳисса қўшишига ишонамиз.
Ўткир РАҲМАТОВ,
“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири.