Ўғрилик ўзганинг мол-мулкини билинтирмасдан, яширин равишда олиб қўйиш дея таърифланадиган хавфли жиноятлар турига киради. Унинг тажовуз объекти – жамият ва шахснинг мол-мулки, моддий бойликларидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36, 53-моддаларида ҳар бир одамнинг мулкдор бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, уни ҳеч ким олиб қўймаслиги, мулкнинг дахлсизлиги, давлат томонидан қўриқланиши, унга қарши тажовуз қонунга зид ҳисобланиши белгилаб қўйилган.  

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддасининг диспозициясида ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш, деб ҳисобланади.  

Ўғрилик жинояти хонадонга, бошқа объектга кириб, бирор кишининг чўнтагига қўл солиб ва бошқа йўллар билан яширин равишда содир этилиши мумкин. Шу муносабат билан бундай жиноятларга қарши курашда замонавий техника воситалари, трасологик экспертизаларда замонавий электрон дактилоскопик воситалар, шунингдек, видеокузатув камераларидан фойдаланиш ғоят самарали ҳисобланади.  

Бу жиноятда айбдор ҳар қандай йўл билан жиноят изларини бекитишга уринса-да, яширин кузатув камераларидан фойдаланиш орқали ҳатто у ниқобда бўлса ҳам, ҳаракатлари, ўзини тутиши, айрим ҳолларда бирор хос белгисига қараб аниқлашнинг имкони бўлади.  

Ҳозирги кунда малакали жиноятчиларнинг ҳам замонавий техника воситаларидан хабардор эканлигини унутмаслик лозим. Шунинг учун ўғрилик содир этилиши эҳтимол тутилган, мол-мулк, қимматли буюмлар сақланадиган жойлар – банклар, тураржой бинолари, муассасалар, ташкилотлар ва корхоналарнинг ташқи ва ички томонлари мустаҳкам ва аввало, сигнализация воситалари билан жиҳозланган бўлиши ҳамда яширин видеокузатув воситалари ёрдамида тўлиқ қамраб олинган бўлиши мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, банк муассасалари, қимматбаҳо мулклар, бойликлар сақланадиган омборхоналарнинг кузатув операторлари жойлашган хона ҳар қандай фуқаролар назаридан четда, иложи бўлса, ташкилот асосий ходимларидан ҳам сир тутилиши бундай жиноятларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

Шахсий мулк дахлсизлигини таъминлаш бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари билан бир қаторда фуқароларимизнинг ҳам бурчи, муқаддас вазифаси ҳисобланади. Ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб, ўз уйимиз, мулкимизни асрашда камарбаста бўлайлик.

Самарқанд вилоят судининг судьяси

ОТАБЕК НАБИЕВ

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

шаҳар судининг раиси

АБДИХАКИМ ОЛТИБОЕВ   

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan