Мамлакатимизда азал азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозлаб келинган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ташна бўлиш кўникамаси, аввало шу даргоҳда шакллана бошлайди ва шахснинг ўз ҳаёт йўлини топишда, белгилашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Оила мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг гарови ҳисобланади. Шу сабабли оиладаги муҳит, ота-она, ака-ука ва эр-хотин муносабатлари алоҳида аҳамият касб этади. Оила – тарбия тенгсиз мактаби ҳисобланади. Унда келажак туғилади, улғаяди, умр кўради. Бу мураккаб жараёнда ҳар бир оила аъзосининг ўзига хос ўрни бор ва маълум қоидаларга, анъаналарга амал қилинади. Бу кўп қиррали, катта меҳнат, жиддий ёндошувни талаб қиладиган жараён. Албатта тинч, осуда, фаровон ҳаёт ўз-ўзидан келмайди. Унинг барқарорлигини таъминлаш осонликча ечимини топмайди. Шу боисдан ҳам оилага давлатимизнинг ички сиёсатидаги муҳим бўғин тариқасида қаралади. Бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятида асосий ўринга эга. 

Сир эмаски, бугунги кунда низоли оилалар сони ортиб бормоқда. Бу жамиятимиздаги энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб, бу каби оилалар билан алоҳида иш боришни талаб этади. Бу борада ҳудудлар кесимида нотинч оилаларнинг ҳар биридаги низоларнинг сабабларини ўрганиш, ушбу оилалардаги муҳитни соғломлаштириш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Бироқ, охирги пайтларда оилавий келишмовчиликлар жиноят содир этилиши каби салбий оқибатларга олиб келаётганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз. Жумладан оиладаги ўзаро келишмовчилик қариндошлар ўртасидаги жанжал ва бир-бирига тан жароҳати етказишларга сабаб бўлмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси қасддан баданга енгил шикаст етказиш деб номланган. Мазкур моддада қасддан баданга енгил шикаст етказиш жинояти ва у учун жавобгарлик белгиланган.

– Соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

– Соғлиқнинг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мазкур соҳадаги жиноятлар содир этилишини олдини олиш борасида аввало оилада тўғри тарбияни шакллантириш, сўнг кенг қамровда тарғибот ишларини олиб бориш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш лозим бўлади. 

Самарқанд вилоят судининг судьяси

ОТАБЕК НАБИЕВ

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

шаҳар судининг раиси

АБДИХАКИМ ОЛТИБОЕВ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan