Ижтимоий турмушда инсонлар ўзаро бир-бирлари билан муомала қилар экан, улар орасида турли хил муносабатлар ўрнатилади. Айримлар соф, ҳалол йўл билан, ўзгалар ҳақидан қўрққан ҳолда бу муносабатни ўрнатса, айримлар инсонларнинг соддалиги, ишонувчанлигини суиистеъмол қилади. Бундайларнинг ҳам жамиятда ўз номи бор:
Сўнгги вақтларда фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар ортгани сир эмас.
Ачинарлиси шундаки, шунча воқеалардан кейин ҳам фирибгарлик жинояти ёхуд фирибгар қармоғига илинаётган ватандошлар сони камайиб қолаётгани йўқ. Қолаверса, тараққиёт юксалгани сари фирибгарликнинг янгидан янги турлари ҳам қайд этилмоқда. Ахборот технологиялари, интернет орқали амалга оширилаётган фирибгарликлар ҳам кўп учраяпти.
Хўш, бундай жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари нимада?
Фирибгарлар домига тушаётганлар шунчалик соддами ёки фирибгарлар бошқаларни ўта гўл ҳисоблашадими?
Фирибгарлик жиноятини содир этиш услублари диққатимизни тортди. Содир этилган фирибгарликлардан пул олди-бердиси, чет элга ишга юборишни ваъда қилиш, ўқишга киритишга доир алдовдир.
Мазкур жиноятларни кўпи аёллар, муқаддам судланганлар ишламайдиганлар фирибгарликка қўл урган.
Фирибгарликнинг ҳуқуқий тавсифи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддасига кўра, ўзгани алдаш ёки унинг ишончини суиистеъмол қилган ҳолда унинг мулкини ёки мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш фирибгарлик ҳисобланади. Фирибгарлик бошқа мулкий жиноятлардан фарқи – фирибгарликда жабрланганлар фирибгарга
мол-мулкини, мол-мулкка бўлган ҳуқуқини ўз хоҳиши билан топширади.
Фуқаролар маблағларини ўзлари олиб келиб берган бўлса-да, фирибгарга жазо тайинланади.
Фуқаролар пулларини ўз қўллари билан олиб келиб беради. Улар енгил бойиб кетиш, мулкка эгалик қилиш мақсадида шундай ҳаракатларни содир этишади. Фирибгарлар маълум бир соҳани эгаллаб, билимга эга бўлишади. Шунингдек, уларда актёрлик қобилияти ҳам бўлади. Шу сабабли фирибгарлик ақлли жиноятлар турига кириб, уни ақл-заковатли инсонлар содир этади.
Бугунги кунда фирибгарликка қўл урган шахсни, айби исботланса, нималар кутмоқда? Унга қандай жазо муқаррар?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасида:
Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш —
– базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима;
– икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
– бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш;
– уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фирибгарлик:
а) анча миқдорда;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, —
– базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима;
– уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
– уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш
– уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фирибгарлик:
а) кўп миқдорда;
б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
в) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда;
г) ахборот тизимидан, шу жумладан ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган бўлса, —
– базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима;
– икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
– муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фирибгарлик:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
– базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима;
– саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фирибгарларнинг ўзлари ҳам ўзларини “фирибгар” деб билишадими, тан олишадими? Йўқ, албатта. Уларнинг ҳеч бири қилмишини тан олмайди, аксинча, мақсади одамларга ёрдам бериш бўлганини таъкидлашади.
Биз жамият сифатида мақсадга кимнидир алдаш ёки қайсидир фирибгарга мурожаат қилиш билан эмас, мушкул ва мураккаб
кўринса-да, ҳалол меҳнат орқали эришишни тарғиб қилишимиз, фарзандимизни тўғри йўлга йўналтиришимиз лозим.
Сўнги сўзимиз эса, фирибгарга алданманг, ўзингизни ва яқинларингизни асранг!
Самарқанд вилоят судининг судьяси Арсланов Жаҳонгир Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг раиси
Олтибоев Абдиҳаким