Самарқанд туманидаги сайёҳлик марказида МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси сессияси ўтказилди. Мажлисда Ҳамдўстлик мамлакатлари парламент делегациялари, ҳамкор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Ассамблеянинг Самарқанддаги сессияси доирасидаги тадбирлар дастури кенг эканини айтиб ўтди. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевга МДҲ ПА мажлисини Самарқандда ўтказиш таклифи учун миннатдорчилик билдирди. Ассамблеянинг 30 йиллиги нишонланаётган йилда биринчи марта ялпи мажлис ва МДҲ ПА Кенгаши Санкт-Петербургдаги қароргоҳидан ташқарида ўтказилганига урғу берди.
Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Танзила Норбоева ўтган 30 йил давомида МДҲ ПА Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ долзарб масалаларни биргаликда муҳокама қилиш ва муҳим қарорлар қабул қилиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилганини таъкидлади.
“Сўнгги йилларда дунё давлатлари парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётгани, турли форматларда ўзаро мулоқотлар жадал тус олаётгани биз учун бу борада кенг имкониятларни яратмоқда. МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг Самарқандда бўлиб ўтаётган навбатдаги мажлиси уларда белгиланган долзарб вазифаларнинг ижросини таъминлашга, парламент дипломатиясини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади.
Ўйлайманки, биргаликда қабул қилинадиган қарорлар Ассамблея фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда унинг доирасида ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш учун асос бўлади”, – деди Норбоева.
Кенгаш иштирокчилари МДҲ ПА эллик тўртинчи ялпи мажлиси кун тартибини муҳокама қилдилар. МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг 2022 йил 14 октябрдаги қарорлари, шунингдек, МДҲ ПА бир қатор доимий комиссиялари фаолияти тўғрисидаги ахборотни эшитдилар.
Сессия доирасида Танзила Норбоеванинг меҳмон давлатлар делегациялари вакиллари билан учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу мулоқотларда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Манба: Кун.уз