Куз. Пишиқчилик даври. Бозор тўла анвойи мева-чевалар, сабзавотлар-у қовун-тарвузлар. Айни шу тўкин-сочинлик мавсумида жаннатмакон юртимизда тўйлар авж олади. Шаҳримиз Каттақўрғонда тўй-маъракалар бошқа шаҳар ва вилоятларда ўтказиладиган тўй маросимларидан катта фарқ қилади. Тўғри, коронавирус пандемияси даврида тўйлар жуда ихчам ўтказилган бўлса-да, ҳозирги кунда аввалги даражасига чиқиб олди десам, муболаға бўлмайди.

Тан олиш керак, охирги йилларда шаҳримизда таъзия маросимлари уламоларимиз саъй-ҳаракати билан камчиқим ўтказилмоқда. Бу таҳсинга сазовор, албатта. Аммо тўйлар-чи?! Бутун республикамиз каби бизда ҳам аксарият тўйлар августдан ноябрь ойининг охиригача бўлиб ўтади. Ҳозирда суннат тўйлар бир мунча соддароқ- “ақиқа” шаклида ўтказилмоқда. Аммо никоҳ тўйларининг залвори ўта оғир… Олайлик, тўйлар мавсумида Каттақўрғоннинг 200-300 ҳонадонли кичик маҳалласида кунига уч-тўртта ҳовли ёки тўйхонада “Наҳор оши», яна иккитасида “Фотиҳа тўйи” , яна бир нечтасида “Эл оши”, “Куёв оши”, “Келин оши”, “Вечер”, “Ёр-ёр” каби тўй маросимлари ўтказилади. Катта номдор базмгоҳда камида уч юз, ҳатто беш юз баъзан, тўйчининг чўнтагига қараб, ундан ҳам ортиқ меҳмонлар чорланиб, “Наҳор оши” га кунжут мойига қўй гўшти солиб, устига паррак қилиб кесилган қази, қуйруқ ва бедана тухуми қўйилган серсабзи “каттақўрғонча” палов яна турли мевалар, қовун-тарвуз, асал, қаймоқ, писта, бодом, хасип, тандир кабоб ва турли пишириқлар ҳамда кола, пепси, маъданли, газли, газсиз сувлар тўй дастурхонига тортилади. Албатта, бу – тўкислик биринчи навбатда халқимизнинг фаровонлиги, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, моддиятимизнинг бақувватлигидан далолат беради. Лекин худди ана шу “саховатпешалик”, ортиқча сарф-харажат, исрофгарчилик ёш келин-куёвларимизни бахтли саодатли бўлишига кафолат бўла оладими?! Ёки, аксинча, қарзга ботган оилага келин бўлиб тушган ёш қизимиз маломат тошлари отиладиган “нишон”га айланадими…?! Таҳририятимизга кўплаб маъюс, рангпар жувонлар келиб, собиқ турмуш ўртоғларидан алимент ундиришда ёрдам беришимизни сўрайдилар. Биз уларга бу масалада бизда ваколат йўқлигини тушинтириб, МИБ идорасига мурожаат қилишларини айтамиз.

Бу билан, албатта, газетхонларга нима демоқчи эканлигимиз тушунарли бўлса керак? Яна бугунги тўй маросимлари ҳақидаги ҳикоямизга қайтамиз. Бизнинг кўҳна ва навқирон: табаррук урф-одатлари, маданияти ва маънавияти, мақтанса арзигулик руҳонийлари, ижодкорлари бор Каттақўрғон шаҳрида, менимча, кейинги даврда бидъатга йўл қўйилмоқда, яъни тўйларга ҳар қандай кераксиз амаллар тиқиштирилиб, унинг номини “қадрият”, деб атамоқдалар. Келинг, бир йигитнинг никоҳ тўйида амалга ошириладиган босқичларни санаб чиқайлик. Авваламбор, куёв бўлмишнинг яқинларидан иборат “агент” лар кўмагида келин танланади, яъни келинликка номзоднинг ота-онасининг жамиятдаги мавқеи, моддий имкониятлари ва насл-насаби, қизнинг юриш-туриши обдан ўрганилади, суриштирилади. Ҳаммаси рисоладагидек бўлса амма, холалардан иборат элчи-совчилар юборилади. Томонларнинг қаршилиги бўлмаса, айниқса, момолар монелик қилмаса, албатта, тўй ҳаракатлари бошланади. Нон синдирилади. Оқлик олинади. Сўнг ёр-ёр ва фотиҳа тўйи ва ҳоказо. Самарқанд ва Бухоро вилоятларининг айрим туманларида бир одат сақланиб қолган. Бу ҳам бўлса куёвга тўн кийдириш маросими ва куёв бола ўзининг навкарлари билан бошлари узра машъала кўтариб, кўчаларни тўлдириб келин хонадонига ёр-ёр айтиб бориши. Шаҳримизда бу маросим бутунлай ўзгача, айтиш мумкинки, салбий маънода “янгича” сига ўтказилмоқда. Яъни “қиттай-қиттай”, отиб, ширакайф бўлган куёвнавкарлар ва хотин-халажлар билан келин бўлмишнинг уйи томон йўл олади.

Авваллари бу маросимда битта машъала кўтарилиб борилган бўлса, ҳозир (ҳар бири юз минг сўмга ижарага олинган) тўртта машъала кўтарилади. Энг “жозиба” лиси ҳар бир машъала инглиз тилида бир ҳарфни англатиб, ёнаётган LOVE, яъни севги сўзини англатади. Айтинг-чи, бу жуда бачкана эмасми? Буниси етмагандек, машъала кўтарган йигитлар уни бошлари узра гир айлантириб, бошқаларни хавф остига қолдириб, ўта қалтис равишда “жонглёр”лик қилишади. Куёв навкарлар келин уйига кирар экан, идишларни синдира бошлайдилар. Бу қайси қолипга тўғри келади? Кейинги ўринда икки юз кишилик “Фотиҳа тўйи” бошланади. Бу ҳам исрофгарчилик, ортиқча харажатларнинг ёрқин намунаси эмасми?! Тўйнинг иккинчи куни ЗАГС. Куёвнинг ўн, ўн беш нафар жўраси тўйнинг бу босқичида биттадан 150-200 минг сўм тўлаб, “Каптива” русумли зулукдек қоп-қора машиналарни кира қилиб келиб, бечора куёв болани қарз қилиб қўядилар. Энди 1 млн.га макияж қилдириб, дунё гўзалига айланган келин бўлмиш 3 млн. дан 8 млн. ва ундан-да қиммат турадиган оппоқ либосда қоп-қора машинага ўтириб, саёҳатга чиқадилар. Саёҳат давомида энг бахтли онларни тарихга михлаш учун суратга тушадилар. Бунга камида икки соат вақт ва яна миллионлар сарфланади. Сўнг дабдабали кортеж БАР сари йўл олишади. Ним қоронғи, асосан, подвалда жойлашган бу “муассаса”да ёшларимиз (асосан, куёвжўралар) спиртли ичимликлар истеъмол қиладилар ва миллий мусиқага эмас, ғарб мусиқасига “рақсга” тушган бўладилар… Охирги манзил келин билан куёв кўёв жўра ва келиннинг дугоналари кузатувида анча мунча кечикиб келган бўлсалар-да, “Тўйлар муборак” қўшиғи садолари остида ўзлари учун тайёрлаб қўйилган тахти равонга кўтариладилар. “Вечер” бошланади. Ўртакашларнинг келин куёв, уларнинг ота-оналарининг жўшқин таъриф-у таснифидан сўнг санъаткорлар энг баланд овозда, аввал сал эпақага келадиган, кейинроқ “сакраб ўйнаса” бўладиган ашула ва қўшиқларни ижро этадилар. Ўртада раққоса сузади. Кўзига пулдорроқ кўринган меҳмонларнинг олдига келиб жилва қилади, албатта, у бечорани йирикроқ пул қистиришга мажбур қилади ва бошқалардан ҳам “ҳаққи”ни ундиради. “Вечер” охиригача раққоса ҳар бир эркак меҳмоннинг олдига икки маротабадан боришга улгуради. Бу вақтда келиб, тўйга келган барча меҳмонларининг ўта баланд мусиқадан қулоғи битиб қолган бўлади. Вечернинг адоғроғида келин куёв даврага чиқиб, валсга тушади. Албатта, келин боланинг оёғи бир-икки маротаба босилади ҳам. Лекин чидаш керак…

Сиз, нима дейсиз, азиз газетхон? Ўзимизнинг ота-боболаримиздан мерос гўзал удумларимиз қолиб, европа расм-русмларини адо этишга ёшларимиз мажбурми?! Ахир мутасаддилар, кайвониларимиз қаерга қарайдилар?! Хавотирлиси, миллий қадриятларимизга ёт бўлган тушуниб-тушунмай адо этиладиган одатлар тўй-маросимларимизга кириб келмоқда… Биз ҳамон ўтган асрнинг 70- 80 йилларида суратга олинган “Ёр-ёр” фильмини севиб томоша қиламиз, Бунга сабаб ўша фильмда, менимча, тўй-маросимларимизнинг ҳақиқий ўзбекона лутф билан талқин этилганлиги бўлса керак..? Тун яримида тўй тугайди. Эрталаб барвақт куёвнинг уйида “Келин оши” маросимига тайёргарлик бошланади. Тўйнинг бу босқичида Келин салом айтувчи онахон жонбозлик кўрсатади. Куёв ва келиннинг яқинлари келин болага ўз совғаларини топширади. Келин бола етти турланиб, сарполарини намойиш қилади. Уни кўрган одам “Ана бўларкан-ку, миллий либослар қизлармизга жуда ярашар экан, анаву рўдапо қимматбаҳо кўйлакка бало борми?!”, деб қўяди. Рости ҳам шу-да ўзи. Куёв томон бир томондан келин туширганидан хурсанд бўлса, иккинчи томондан олинган қарзларни тўлаш ўйлови босади. “Қарз узилиб кетар, келин ёнга қолади”, деб ўзларини-ўзлари юпатиб қўяди. Хуллас, биз ўзбеклар ана шунақа мард халқмиз. Тўйларимизни содда, бир вақтни ўзида миллий урф-одатларимизга риоя этган ҳолда: камчиқим, камташвиш қилиб ўтказишни вақти келмадимикан? Тўйдан тежалган маблағ ҳисобига эндигина мустақил ҳаётга қадам ташлаётган ёшларимизни маиший шароитларини яхшилаб берсак нур устига аъло нур бўлар эди.

“Каттақўрғон тонги” газетаси таҳририяти ушбу масала бўйича мутасаддилардан жавоб кутиб қолади. Тоҳир ҲАМИДОВ, Ҳамидулло ХУШВАҚОВ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan