Бутун мамлакатимизда бўлгани сингари 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни Каттақўрғон шаҳрида  ҳам кенг нишонланди.          Ички ишлар органлари ходимларининг касб байрамлари муносабати билан  шаҳар ҳокими  ва сектор раҳбарлари ҳамда соҳа ходимлари иштирокида байрам тадбири ўтказилди. 

        Гавҳар Алимова ички ишлар ходимларини шаҳримиз аҳолиси  тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишдек шарафли бир вақтнинг ўзида ўта масъулиятли вазифани сидқидилдан, юксак касбий салоҳият билан адо этаётганлирини таъкидлаб,  касб байрамлари билан қутлади.

Жумладан,  – Кейинги йилларда бошқа соҳалар сингари ички ишлар тизимида ҳам кенг кўламдаги ислоҳотлар ҳамда ички ишлар органларини эл-юрт манфаатига хизмат қиладиган халқчил тизимга айлантириш йўлида катта ишлар олиб борилмоқда. Шу ўринда бугун Сизнинг мамлакатимизда жамоат тартиби ва тинчлик-осойишталикни сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги фидокорона меҳнатларингизни юксак эътироф этган ҳолда халқимиз ҳам ушбу машаққатли аммо шарафли хизматларингизни яхши англаши ва қадрлашини мамнуният билан айта оламиз, -дея таъкидлади шаҳар ҳокими ўз сўзида.

          Тадбирда сўзга чиққан бошқа нотиқлар ҳам бугун юртимиз ички ишлар органлари тизими замон талаблари даражасида такомиллашаётган бир даврда Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими ходимларининг ҳам ўз вазифаларини фидойилик билан адо этаётганлигини алоҳида эътироф этдилар.    

        Кейинги ўринда ўзларининг хизматлари билан юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ  ходимларга вилоят ҳамда шаҳар ҳокимлигининг ташаккурнома, фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Байрам  тадбирларининг узвий давоми сифатида турли йилларда ички ишлар органларида хизмат ўтаб, бугун кексалик гаштини сураётган тизим  фахрийлари  чорланиб, “Бир пиёла чой”устида  “Эъзоз ва эъҳтиром” шиори остида тадбир ўтказилди. Унда иштирок этган  шаҳар ИИБ бошлиғи Ғулом Исломов ва фахрийлар вакили Баҳодир Бўриевлар сўзга чиқиб фахрийларни касб байрамлари билан муборакбод этдилар. Тадбир якунида  бир гуруҳ фаол фахрийлар ташаккурномалар ва эсдалик   совғалар билан тақдирланди.


Шерали ЯРЛАКОБОВ,
Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғининг
маънавий-маърифий ишлар
бўйича ўринбосари.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan