ЎҚИНГ, ҚИЗИҚ!

Дунё аҳолиси тез суръатда қариб бормоқда. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб дунёдаги ҳар олти кишидан бири 65 ёшдан ошган бўлади. Кўпгина мамлакатларда пенсиялар солиқ ёки ижтимоий чегирмаларга тортилмайди. Бошқаларида эса даромад солиғи чегириб ташланадиган даромадга тенглаштирилган. Пенсиядан тиббий суғурта бадаллари йиғадиган давлатлар ҳам йўқ эмас.

Австрия

Австрияда аёллар учун пенсия ёши 60, эркаклар учун эса 65 ёшдир. Лекин 2024 йилнинг 1 январидан бошлаб аёлларнинг пенсия ёши босқичма-босқич кўтарилиб боради ва 2033 йилга келиб эркакларнинг пенсия ёшига тенглаштирилади.

Бельгия
Ҳам эркаклар, ҳам аёллар учун пенсия 65 ёшга тўлган ойнинг биринчи кунидан бошланади.
1958 йилгача туғилган, 41 йил иш стажига эга бўлган шахслар 62 ёшида нафақахўр бўлиш ҳуқуқига эга. 1957 йилгача туғилган фуқаро авиацияси ва денгиз флоти аъзолари 55 ёшида, очиқ ёки ёпиқ шахталарда ёки чуқур конларда қанча вақт ишлаганига қараб, 55-60 ёшида пенсияга чиқиши мумкин.
Бельгияда 2025 йилдан сўнг пенсия ёши 66, 2030 йилдан 67 ёшгача оширилади.

Буюк Британия

Буюк Британияда пенсия 65 ёшдан бошланади. Давлат пенсияси ёшига етганидан сўнг, фуқаро ишлашни давом эттириши мумкин ва Англия ҳукумати қонунчилиги нафақа тўловларини қисқартирмайди. 2018-2022 йилларда пенсия ёши 66 қилиб белгиланди, 2026-2028 йилларда 67 ёшга, кейингиси 2044-2046 йилларга мўлжалланиб, 68 ёшга ошириш режалаштирилган.

Германия

1947 йилгача туғилганлар 65 ёшида нафақага чиқади. 1947-1958 йилларда туғилган шахсларнинг ҳар бир йилига бир ой қўшилиб, 66 ёшида нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлади.
1659-1963 йилларда туғилган шахслар учун пенсия ёши ҳар бир йили учун икки ой қўшиш орқали белгиланади. Шу тариқа пенсия ёши аста-секин ошиб бориб, 1964 йилдан кейин туғилган ҳар бир киши фақат 67 ёшида пенсионер бўла олади.

Исроил
Мамлакатда эркаклар учун 67, аёллар учун 62 пенсия ёши белгиланган.

Испания
Эркаклар ва аёллар учун пенсия ёши бир хил – 65 ёшу 6 ой қилиб белгиланган. Мабодо Испания фуқароси Seguridad Social ижтимоий суғурта тизимига 36 йил ва олти ойдан ортиқ ҳисса қўшиб келган бўлса, у 65 ёшида нафақахўр бўлиши мумкин. 2027 йилга бориб Испанияда пенсия 67 ёшдан бошланади.

Италия
Барча учун пенсия ёши 66 ёшу 7 ой. Италияда нафақага чиқиш учун камида 20 йил давомида суғурта бадаллари тўланган бўлиши керак. Агар аёл ходим 41 йил 10 ой, эркак ходим эса 42 йил 10 ой иш стажига эга бўлса, эрта пенсияга чиқиши мумкин.

Канада

Канадада пенсия ёши 65 ёш. 60 ёшида минимал пенсияга чиқувчиларнинг тўлови 36 фоизга камаяди, 65 ёшда нафақага чиққан шахслар 70 ёшигача ишласа, 42 фоизгача кўпайтирилган коэффицент билан пенсия олади.

Хитой
Эркаклар 60, аёллар 55 ёшида, жисмоний меҳнат билан шуғулланадиган аёллар 50 ёшда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга. Ислоҳотлар режасига кўра 2018 йилдан кейин аёлларнинг пенсия ёши ҳар уч йилда бир йилга, эркаклар учун эса ҳар олти йилда бир йилга оширилди.

АҚШ
Америка Қўшма Штатларининг 1935 йилдаги «Ижтимоий таъминот тўғрисида»ги қонунига биноан, тўлиқ нафақа олиш учун энг кам ёш 65 ёшни ташкил этарди. 1983 йилди пенсия ёшини 67 ёшга кўтариш бўйича тузатишлар қабул қилинди.

Япония

Япониянинг пенсия қонунчилигига кўра, инсон 60 ёшдан 70 ёшгача нафақага чиқиши мумкин. Бундан ташқари, агар у 65 ёшидан кейин пенсияга чиқишга қарор қилса, унинг ойлик пенсия тўловлари оширилади. 2018 йилда Япония ҳукумати пенсия ёшини 71 ва ундан юқори даражада кўтариш режасини маъқуллади ва 2020 йилда тегишли қонунларни ўзгартириш кўриб чиқилди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan