Шеърият осмонида чақнаб чиққан Зухро юлдузи дея таъриф этиладиган Зулфияхоним ўз овози, ўз сўзи билан ўзбек шеърияти наволари орасида яққол ажралиб туради. Шоиранинг бой, ранг-баранг ички дунёси вафо ва садоқат, висол ва ҳижрон, пок севги нашидалари ва изтироблари унинг ижодининг ҳаётбахш сарчашмаларидир. Шоиранинг ёқимли шеърлари шарқ аёлининг ақлу закоси, фазл-у камолининг ёрқин ифодаси сифатида шеъриятга ошно қалбларга одамийликдан, вафо ва садоқатдан  сабоқ беради. Шоира баҳорнинг илк кунлари 1915-йилнинг 1-мартида Исроил дегрез оиласига қувонч олиб келган. “Ҳаёт варақлари” деган илк китоби шеърият мухлисларига тақдим этилди. Шу тариқа шоиранинг қатор китоблари шуҳрат қозона бошлади. У аёлларнинг энг севимли журнали “Саодат”да бир неча йиллар раҳбарлик қилган ва бир неча ижод аҳлига устозлик  ҳам қилди. Шоиранинг покиза қалбига, ёқимли шеъриятига ҳукуматимиз юқори баҳо берган ва муносиб тақдирлаган. Ўзбекистон халқ шоираси, Зулфия “Нилуфар” халқаро мукофоти билан ҳам тақдирланган. Шунингдек, Болгария давлатининг орденига  ҳам муносиб деб топилган. Энг қувонарлиси шундаки, юртимизда 1999 йилда Зулфия  номидаги Давлат мукофоти таъсис этилган. Шоира Зулфия ижодида ҳижрон мавзуси етакчилик қилади.  У метиндек иродаси, матонати билан ҳаёт қийинчиликларини енгади. Суюкли умр йўлдошининг оламдан ўтиши шоира қалбини эзди. 29 ёшида, яъни ҳаётининг энг гўзал фаслида бир ўғил, бир қизи билан бева қолди. Умрининг охирига қадар ёрининг хаёли билан яшаган ва маънавий жасорат соҳибига айланган. Шоира ёлғиз  эмас, доим “хаёл” билан бирга. Бу туйғуни шеърларида ифодалай олди. Зулфияхоним жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида бўлган. Анжуманларнинг маликаси сифатида ижодга шўнғиди.  Бу борада шоиранинг “Мушоира”  достони аҳамият касб этади

Гўзал тупроқ узра қуйилар оқшом,

Кундуз олар дам ,

Жўшқин мушоира этади давом,

Дўстим,  кел сен ҳам.

Шоиранинг энг машҳур шеърлари: “Хулкар” (1947), “Мен тонгни куйлайман” (1950), “Юрагимга яқин кишилар” (1958), “Юрак йўлда” (1966), “Менинг баҳорим” (1967), “Шаршара” (1969) кабилардир.

Зулфиянинг айрим шеърлари рус тилига таржима қилинган. Масалан, “Мен тонгни куйлайман” (1950) (“Я пою зарю”), рус тилига 1951 йил таржима қилинган. 

1984 йил “Жамият меҳнат қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган. СССР давлат мукофоти лауреатига айланган.

2004 йил Ўзбекистонда Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилиб, адабиёт, санъат, илм-фан, маданият ва таълим соҳаларидаги муваффақиятга эришган, ёши 14 дан 22 ёшгача бўлган қизларга ҳар йили 8-март — Халқаро хотин-қизлар байрами куни тақдим этилади. Бугунги кунга келиб, Зулфия мукофоти лауреатлари 98 кишини ташкил қилади.

Зулфиянинг бутун шеърий ижоди — Ўзбекистон диёрининг илҳом мадҳияси, инсон меҳнати мадҳияси, севги ва ердаги адолат учун мадҳиясидир.

Зулфиянинг қойилмақом ижод меҳнатига кўп йиллар бўлди, республика ҳаёти ва унинг халқи тақдирида катта ўзгаришлар содир бўлди, лекин “севгининг алангали кучи бугун ҳам ўқувчининг қалбини иситади, юрагини ва онгини ҳаяжонлантиради”.

Гулшод ЭРГАШЕВА.

БАҲОР КЕЛДИ СЕНИ СЎРОҚЛАБ

Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор…

Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.

Мана қимматлигим, яна баҳор келиб,
Сени излаб юрди, кезди сарсари.
Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,
Ул ҳам ёш тўкди-ю, чекилди нари.

Сени излар экан, бўлиб шаббода,
Сен юрган боғларни қидириб чиқди.
Ёйиб кўрсатай деб ҳусн-кўркини,

Яшил қирғоқларни қидириб чиқди.

Топмай, сабри тугаб бўрон бўлди-ю,
Жарликларга олиб кетди бошини.
Фарҳод тоғларидан дарагинг излаб,
Сойларга қулатди тоғнинг тошини.

Қирларга илк чиққан қўйчивонлардан
Қайда шоир, дея айлади сўроқ.
Бирида сукунат, маъюслик кўриб,
Ҳориб-чарчаб келди, тоқатлари тоқ…

Сўнгра жило бўлиб кирди ётоғимга,
Ҳуркар ва Омоннинг ўпди юзидан.
Сингиб ёш куйдирган заъфар ёноғимга
Секин хабар берди менга ўзидан.

Лекин ётоғимда сени тополмай,
Бир нуқтада қолди узоқ тикилиб.
Яна ел бўлди-ю, кезиб сарсари,
Мендан сўрай кетди қалбимни тилиб.

“Қани мен келганда кулиб қаршилаб,
Қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан?
“Бахтим борми дея, яккаш сўроқлаб”
Мени шеърга ўраб суқланиб боққан?

Ўрик гулларига тўнмайди нега,
Елда ҳилпиратиб жингала сочин?
Нега мен келтирган шўх нашидага
Пешвоз чиқмайди у ёзиб қулочин?

Қандай ишққа тўлиб боқарди тонгга,
Камол топтирарди кенг хаёлимни.
Унинг рангдор, жозиб қўшиғида
Мудом кўрар эдим ўз жамолимни.

Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?
Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол.
Нечун қора либос, сочларингда оқ,
Нечун бу кўкламда сен паришонҳол?”

Қандай жавоб айтай, лолдир тилларим,
Баридан тутдим-у, келдим қошингга.
У ҳам ғаминг билан кезди афтода,
Боқиб туролмайин қабринг тошига.

Аламда тутоқиб дарахтга кўчди,
Куртакни уйғотиб сўйлади ғамнок.
Сенинг ёдинг билан елиб беқарор,
Гуллар ғунчасини этди чок-чок.

Гулу райҳонларнинг таралди атри,
Самони қоплади майин бир қўшиқ.
Бу қўшиқ нақадар ошно, яқин,
Нақадар ҳаётбахш, оташга тўлиқ.

Баҳорга бурканган сен севган элда,
Овозинг янгради жўшқин, забардаст.
Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт,
Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас.

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам,
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan