Бугунги кунда нуронийларга қаратилган эътибор-ғамҳўрлик самараси ўлароқ, улар учун барча шарт-шароитлар, имконият ва имтиёзларни яратиш давлатимизнинг сиёсатининг устивор йўналишига айланмоқда. Шу мақсадда, ўтган қисқа давр ичида кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни эъзозлашга қаратилган 20 га яқин қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Бунинг натижасида нуронийларимизнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ижтимоий фаоллиги ошиши баробарида ҳаётбахш ислоҳатларга ҳамоҳанг тарзда ўзларининг алоҳида жонбозлигини кўрсатиб келмоқда. Кўпни кўрган ота-бобоаримиз ёшлар тарбиясида масъулиятни ўз зиммаларига олишган . Келажак авлод вакилларига бўлган бундай жонкуярлик дунёнинг бошқа халқларида учрамайди.
Бу борада шаҳримиз кексаларининг ҳам муносиб ўрни бор, яъни улар ёшлар маънавиятини юксалтириш, фарзанд тарбияси, оилавий ажримларни олдини олишдек савобли ишларда фаол иштирок этмоқдалар.
Ушбу ибратли ишларни амалга оширишда кекса авлод вакилларини тарбия соҳасига оид адабиётлар билан мунтазам таъминлаб туриш билан бирга, куни кеча “Каттақўрғон тонги” газетаси таҳририяти томонидан акция ўтказилди. Каттақўрғон шаҳрида истиқомат қилаётган 30 нафар ижтимоий фаол нуронийлар Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши ва шаҳар ҳокимлиги муассис бўлган “Каттақўрғон тонги” газетасига обуна қилинди.
Газета бош муҳарири Тоҳир Ҳамидов юқорида тилга олинган кексаларимиз уйига, Каттақўрғон шаҳар Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Баҳодир Бўриев ҳамрохлигида бориб, онахон-отахонлар билан мулоқатда бўлди ва уларга бундан кейин газеталар тўхтовсиз етказилиб туришини айтди.
“Каттақўрғон тонги”