Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди томонидан 2021 йил давомида 14 нафар шахсга нисбатан гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят ишлари кўрилди.

         Шундан 3 нафари муқаддам шу тоифадаги жинояти учун судланган шахслардир.

         Дарҳақиқат, бугунги кунда гиёҳвандлик жаҳоннинг энг глобал муаммоларидан бирига айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Бу иллат жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ғов бўлиш билан бирга фуқароларнинг саломатлиги, келажаги ва ҳаётига рахна солмоқда. Шунинг учун ҳам истиқлол йилларида мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш, юртдошларимизни, айниқса, ёшларни бу хатардан асраш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шу ўринда қайд этиш жоизки, бу иллатнинг олдини олиш, унга қарши курашиш фақатгина ҳуқуқ-тартибот идораларинигина эмас, балки кенг жамоатчиликнинг энг асосий вазифаларидан биридир.

Кўпинча ёшлар билиб-билмай гиёҳвандлик кўчасига кириб қолади. Бу билан ўзларининг ҳаётини барбод қилаётганларини афсуски, кеч англайдилар. Гиёҳвандликка мубтало бўлган одам нафақат ўзига, балки оила аъзолари, бошқа яқинларига ҳам азоб беради. Ундан туғиладиган фарзандлар эса бир умрга майиб-мажруҳ бўлиб қолиши мумкин.

Матбуот ва оммавий ахборот воситаларида жаҳонда наркотик моддалар билан савдо қилиб, ўз ҳамёнини қаппайтираётган кимсалар, уларнинг кирдикорлари ҳақида мақолаларга, статистик маълумот ва ҳисоботларга кўзингиз тушади. Инсон қиёфасидаги бундай “махлуқ”лар кимларнингдир ҳаёти, бахти, ширин турмуши завол топиши эвазига ҳали-ҳамон мана шундай қабиҳ иш билан шуғулланмоқдалар. Энг ачинарлиси, улар ҳали онги тўла шаклланиб улгурмаган айрим ўсмирларни алдов йўли билан ўз домига илинтираяптилар.

Мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида ҳар томонлама соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жамиятимиз ривожига, келажагимиз эгаларининг ҳаётига, саломатлигига таҳдид солиши мумкин бўлган наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши аёвсиз кураш олиб бориляпти.

Бу мақсадда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонун ҳам қабул қилинган.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бундай салбий иллатлар жамиятимизга, фарзандларимизга ҳеч қачон таҳдид солмасин. Уларга қарши курашиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз бўлиб қолиши зарур.

Самарқанд вилоят судининг судьяси

АРСЛАНОВ ЖАҲОНГИР

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

шаҳар судининг раиси

АБДУРАЗЗАКОВ АБДУСАТТОР

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan