Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Мамлакатимизда азал азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозлаб келинган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ташна бўлиш кўникамаси, аввало шу даргоҳда шакллана бошлайди ва шахснинг ўз ҳаёт йўлини топишда, белгилашда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Оила мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг гарови ҳисобланади. Шу сабабли оиладаги муҳит, ота-она, ака-ука ва эр-хотин муносабатлари алоҳида аҳамият касб этади. Оила – тарбия тенгсиз мактаби ҳисобланади. Унда келажак туғилади, улғаяди, умр кўради. Бу мураккаб жараёнда ҳар бир оила аъзосининг ўзига хос ўрни бор ва маълум қоидаларга, анъаналарга амал қилинади. Бу кўп қиррали, катта меҳнат, жиддий ёндошувни талаб қиладиган жараён. Албатта тинч, осуда, фаровон ҳаёт ўз-ўзидан келмайди. Унинг барқарорлигини таъминлаш осонликча ечимини топмайди. Шу боисдан ҳам оилага давлатимизнинг ички сиёсатидаги муҳим бўғин тариқасида қаралади. Бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятида асосий ўринга эга. Сир эмаски, бугунги кунда низоли оилалар сони ортиб бормоқда. Бу жамиятимиздаги энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб, бу каби оилалар билан алоҳида иш боришни талаб этади. Бу борада ҳудудлар кесимида нотинч оилаларнинг ҳар биридаги низоларнинг сабабларини ўрганиш, ушбу оилалардаги муҳитни соғломлаштириш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ, охирги пайтларда оилавий келишмовчиликлар жиноят содир этилиши каби салбий оқибатларга олиб келаётганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз. Жумладан оиладаги ўзаро келишмовчилик қариндошлар ўртасидаги жанжал ва бир-бирига тан жароҳати етказишларга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2-боби соғлиққа қарши жиноятлар деб номланган. Мазкур бобда қасддан баданга шикаст етказиш жиноятлари ва улар учун жавобгарлик белгиланган. Мазкур соҳадаги жиноятлар содир этилишини олдини олиш борасида аввало оилада тўғри тарбияни шакллантириш, сўнг кенг қамровда тарғибот ишларини олиб бориш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш лозим бўлади.
Самарқанд вилоят судининг судьяси АРСЛАНОВ ЖАҲОНГИР
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг раиси АБДУРАЗЗАКОВ АБДУСАТТОР