Содир қилган қилмиши учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши лозим бўлса-да, инсонпарварлик тамойили асосида шахсни жамиятдан ажратмасдан тарбиялаш чорасини кўриш мақсадида озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланмоқда. Кўпчилик бу имкониятни тўғри тушуниб, жазони тартиб-интизом билан ўтамоқда, Шу билан бирга, намунали хулқи билан муддатидан олдин жазодан озод бўлмоқда. Шунингдек, Пробация ҳисобида турган, бироқ, берилган имкониятдан тўғри фойдаланмасдан, тайинланган жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб юрган шахслар ҳам йўқ эмас.Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди томонидан “А.Навоий” маҳалласида бўлиб ўтган сайёр суд жараёнида Пробация хизмати ҳисобида турган 5 нафар назорат остидаги шахслар муддатидан илгари шартли равишда озод этилди. Бироқ, берилган имкониятдан тўғри фойдаланмасдан, тайинланган жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб юрган бир нафар шахснинг ўталмай қолган жазо муддати, жазонинг оғирроқ турига, яъни озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. Бундан ташқари, суд якунида жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг раиси А.Абдураззаков йиғилиш қатнашчиларига «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган кунга 30 йил тўлганлиги муносабати билан давра суҳбати ўтказди.