Қонунга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди: 

Кенгашнинг асосий вазифалари кенгайтирилди, улар жумласига қуйидагилар киритилди:

– судьялар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни барвақт аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

– суд тизимида аниқланган ҳар бир коррупция ҳолатини кўриб чиқиш ва принципиал баҳолаш;

– Кенгашнинг ҳамда суд тизимининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

– раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун муносиб судья кадрларни танлаб олиш, шунингдек уларни рағбатлантириш ва мукофотлаш масаласи юзасидан ташаббус кўрсатиш.

Кенгашнинг қуйидаги ваколатлари кенгайтирилди:

а) вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари ва раис ўринбосарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари раислари ва раис ўринбосарлари, шунингдек Ҳарбий суд раиси ва раис ўринбосарлари лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Президентга тақдимномалар киритади;

б) қуйидагиларни лавозимга тайинлайди:

– туманлараро, туман, шаҳар судларининг раис ўринбосарларини;

– вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари судьяларини;

– туманлараро маъмурий судларнинг раисларини, уларнинг ўринбосарлари ва судьяларини;

– ҳудудий ҳарбий судларнинг раисларини;

в) Судьялар олий малака ҳайъатининг хулосасига кўра судьяларни уларнинг ваколатлари муддати даврида ўз аризаларига асосан:

– вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьялари;

– туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари, раис ўринбосарлари;

– вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари судьяларини;

– туманлараро маъмурий судларнинг раисларини, уларнинг ўринбосарлари ва судьялари;

– Ҳарбий суднинг судьялари, ҳудудий ҳарбий судларнинг раислари лавозимларига ўтказади;

г) судьялар фаолиятини очиқ ва шаффоф электрон рейтинг дастури асосида баҳолаш мезонларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўради ва ҳ.к.

 Кенгаш раисининг ваколатлари белгиланди. У бошқа вазифалари қаторида:

–          суд ҳокимияти мустақиллигини, судьялар дахлсизлигини таъминлашга ва одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ҳақида, шунингдек суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг ҳолати тўғрисида Президентга йил якунлари бўйича ахборот тақдим этади;

– жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади.

 Кенгаш раиси ўринбосари ваколатлари ўзгартирилди, у:

– Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади, унинг фаолияти самарадорлигини таъминлаш учун жавобгар бўлади;

– ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга, шунингдек ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир ишларни ташкил этади;

– жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади.

Қонуннинг 18-моддаси 3-5-қисмлар билан тўлдирилди, уларга мувофиқ Кенгаш раиси судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга оширишга аралашганлик ҳолатлари юзасидан прокуратура органларига тақдимнома киритиши мумкин. Тақдимнома бир ой муддатда кўриб чиқилади ва Кенгаш жиноят иши қўзғатилганлиги тўғрисида ёки уни қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Бош прокуратура томонидан хабардор қилинади.

Судья ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган тақдирда, судья ушланган пайтдан эътиборан 3 соатдан кечиктирмасдан Судьялар олий кенгашига бу ҳақда ушлаб туришга асос бўлган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари илова қилинган ҳолда хабар қилиниши шарт.

Самарқанд вилоят судининг судьяси

 Арсланов Жаҳонгир

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

шаҳар судининг раиси

Абдураззаков Абдусаттор

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan