4 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида қонунни имзолади.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ярашилганлик муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш институти киритирилди.

Унга кўра, Кодекснинг қуйидаги моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича ярашув институти қўлланилиши мумкин:

  • 40-модда (туҳмат);
  • 41-модда (ҳақорат қилиш);
  • 45-модда (фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш);
  • 46-модда (фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш);
  • 46−1-модда (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш);
  • 52-модда (енгил тан жароҳати етказиш);
  • 61−2-модда (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш);
  • 104-модда (экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш);
  • 133-модда (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши);
  • 134-модда (ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши);
  • 183-модда (майда безорилик);
  • 200-модда (ўзбошимчалик).

Бунда маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) тарафларнинг ярашуви муносабати билан ишни судга юбориш тўғрисида қарор чиқаради ва маъмурий жавобгарликдан озод қилиш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун иш материалларини судга юборади.

Жабрланувчи ёхуд унинг қонуний вакили ярашув тўғрисидаги аризани иш ваколатли органлар (мансабдор шахслар) томонидан кўриб чиқилиши вақтида, шунингдек суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд қарор чиқаргунига қадар бериши мумкин.

Агар иш бўйича бир неча жабрланувчи бўлса, фақат барча жабрланувчилар билан ярашувга эришилган тақдирда, ярашув тўғрисидаги ишни юритиш мумкин.

Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси иш судга келган пайтдан эътиборан 3 кундан кечиктирмай ўтказилади.

Ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такроран содир этган шахс томонларнинг ярашуви муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилинмайди.

Самарқанд вилоят судининг судьяси

АРСЛАНОВ ЖАҲОНГИР

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

шаҳар судининг раиси

АБДУРАЗЗАКОВ АБДУСАТТОР

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan