Аёллар – нозик жинс вакиллари. Эркакнинг ундан устунлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Аммо устунлик деганда кучли жинс вакиллари нимани тушунмоқдалар? Улар бошқарувда ва ҳимояда олд ўриндами ёки куч ишлатишда? Ожизага нисбатан қўл кўтариш – ҳақиқий ожизлик.
“Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонун мақсадлари учун 18 ёшга тўлмаган аёл жинсига мансуб шахслар ҳам аёл деб эътироф этилади. Ҳужжат тазйиқ ва зўравонлик қурбонлари бўлган аёлларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишга асосдир.
18 ёшга тўлмаган қизи билан шуғулланмайдиган, уларга тазйиқ ўтказадиган, зўравонлик содир этадиган ота-оналарни ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Меҳнат органлари томонидан ишсиз аёлларнинг бандлиги таъминланади. Иш берувчилар аёлларни ишга қабул қилишни асоссиз рад этсалар, маъмурий жавобгарликка тортиладилар. Иш жойлари ва таълим органларида аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини олинади. Таълим муассасаларида аёллар учун спорт секциялари, техник ва бошқа тўгараклар ҳамда клублар ташкил этилади.
Соғлиқни сақлаш органлари жисмоний, жинсий ёки руҳий зўравонликдан жабр кўрганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатади. Аёлларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф солувчи ҳолатлар ҳақида ички ишлар органлари ва бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларини хабардор қилади.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қон-қариндошлик ришталари билан боғланган шахслар ўртасида мавжуд зиддиятларни бартараф этиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўради.
Ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни ҳамда жамиятдаги ва оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи бошқа ҳолатларни қўзғата оладиган оилавий ва шахслараро низоларнинг, депрессив вазиятларнинг эрта олди олинади. Шунингдек ушбу жараёнда кенг жамоатчиликнинг, шу жумладан аёлларнинг иштирок этишини таъминланади.
Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар турларига қуйидагилар киради: профилактик суҳбат ўтказиш, ҳимоя ордерини бериш, тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказларга жойлаштириш.
Ҳимоя ордери тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахсни бундай хулқ-атворни давом эттириш мумкин эмаслиги ҳақида ёзма хабардор қилишдан ва ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиришдан иборат. Тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахс ҳимоя ордери талабларини бажаришини назорат қилиш уни тутиб берган ички ишлар органи зиммасига юкланади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахс ҳимоя ордери талабларини бажараётганини назорат қилишда иштирок этади.
Аёлларга тазйиқ ўтказадиган ва зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар (жиноий-ҳуқуқий механизмлар) қўлланилади.
Самарқанд вилоят судининг судьяси
Арсланов Жаҳонгир
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар
судининг раиси
Абдураззаков Абдусаттор