Тарбия ҳақида ҳар куни, ҳамма даврада, тағин чиройли қилиб гапирамиз. Боламиз тўрт қатор «шеър» ёзса, зўр шоирлигини, битта расм чизса, рассомлигини башорат қиламиз. Аммо ундан қайси шоирлар шеърини ёддан билишини, мумтоз суратлар шарҳини, ҳеч бўлмаганда таниқли рассомлар ижодини билишини сўрамаймиз. Чунки ижодкорни фақат иқтидор эмас, маҳорат, иштиёқ, меҳнат танитишини билмаймиз. Бунинг ўрнига фарзандимизнинг ҳаваскорона машқларидан китоб чиқиши, чизган сурати тезроқ бирорта танловда ғолиб чиқиши билан ғурурланишни истаймиз.
Ҳаётий тажрибадан яхши биламиз: оила фарзанд кўришга тайёрланади. Яъни, аввал соғлиғини назорат қилади, зарарли таом ва ичимликлардан тийилади, тамаки чекмайди. Агар фарзанд туғилса, уни парвариш қилишга имкониятини чамалайди. Биз эса… аввал фарзандни дунёга келтириб, кейин йўл-йўлакай, шароитга қараб уни парваришлаш йўлини қидирамиз. Икки-уч ойдан кейин ёш она ишга чиқишга ҳаракат қилади, болани гоҳ қайнона, гоҳ ўз онасига қолдириб, ишларини битириб келади. Ижтимоий аҳволи қанақа бўлишидан қатъий назар, ҳамма оилада шунақа.Ўз уйига,касбига,муқим иш жойига эга бўлмаган ёш ота- она бола парваришига маблағи етмасдан тўрт томонга мурожаат қилади. Бола касал бўлгандагина унга меҳрибон бўлиб қоламиз.
Ваҳоланки, туғруқхонадан чақалоқни олиб чиқишни, унинг туғилганини нишонлашни қойил-мақом қилиб бажарамиз. Чунки бу тадбир «обрўйимизни оширади».
Фарзандимизни болалар боғчаси, биринчи синфга олиб боришда ҳам тантаналарни кимўзарига ўтказишдан уялмаймиз. Лекин 10 йил давомида ҳам мактабга бориб, ўғил-қизимиз ўқишидан хабар олиш малол келади.
Китоб олиб берамиз, лекин бола кўз ўнгида китоб тугул, газета ҳам ўқимаймиз. Бунинг ўрнига валламатлигимизни кўрсатиш учун унга фалон пулга репетитор топамиз.
Боламиз ўзимиз эришмаган нарсаларга эришишини истаймиз. Фақат бу истак илм орқали амалга ошишини тушуниб етмаяпмиз. Акс ҳолда, уйда унга ихчам кутубхона вужудга келарди. Бунинг ўрнига ўзига алоҳида телевизор, алоҳида қимматбаҳо телефон олиб берамиз. Ўқувчи фарзандимизнинг қўлидан ушлаб, уни китоб дўконига бошлаб бориш хаёлимизга ҳам келмайди. Чунки бундай одат ҳали ўзимизда шаклланмаган.
Айримлар фарзандига ғпмхўрлигини кўпчиликка намойиш қилишга мойил. Мен «танловда ғолиб чиқсанг, велосипед олиб бераман», «ўқишга кирсанг, «Нексия» калити – қўлингда» каби ваъдаларни назарда тутяпман.
Яқинда ҳузуримга бир аёл ўғлини етаклаб келди.
– Беш йил бўлди диплом олганига. Ҳалигача ишга киролмаяпти, адолат борми ўзи?! – нолиди онахон.

  • Ўғлингиз қаерда, қайси мутахассисликка ўқиган?
    • Билмадим, жўралари билан Самарқандда ўқиди. Жўралари оғайнилари орқали ишга жойлашди. Ўн марта порталга ёздим, натижа йўқ. Ўғлингизни қайта ўқитиш керак, дейишяпти.
      Йигит билан суҳбатлашаман. Менежерлик мутахассисига ўқиган экан. Жўралари билан ишхонада ишлаганини, амалиётда қатнашмаганини ҳам айтди. Касби бўйича ўзим билган нарсаларни сўрадим – жавоб йўқ. Очиғи, ўғлинининг қаерда ўқиганини ҳам билмайдиган онанинг «куюнчаклиги»дан дилим оғриди.
      Фарзандни уйлантириб, турмушга узатиб, уни мустақил ҳаётга йўлладим, деб мақтанамиз. Тўйини фалон ресторанда ўтказамиз, фалончи хонандани олиб келамиз. Шунақа расмлар альбоми, видеороликлар қиламизки, гўё ҳаёт шу билан тугагандек. Унда статистик маълумотларда келтирилганидек, 2021 йилнинг 6 ойи давомида Самарқанд вилоятида 13,3 мингта никоҳ тузилган бўлса, 2 мингта ажралиш рўйхатга олинганини, шунча оила бузилганини қандай изоҳлаймиз?
      «Алдагани бола яхши». Бу нақлнинг давоми ҳам бор. «Алданган бола улғайгач, Сизни ҳам алдайди». Ана, кўринг, баъзи йигит-қизлар ота-она кўзини шамғалат қилиб, «дарсдаман», «репетитордаман» деб ахлоқсиз ишлар қилиб юрганини ҳар куни телевизорда кўрсатишяпти. Хўш, бола ёлғон айтишни Сизу биздан ўрганмаганми?
      Болага ғамхўрлик уни едириш, кийинтириш, эркалашгина эмас, унинг ақлу фаросатли, илмли, ҳалол бўлишини таъминлашдир.Унинг камчилиги сабабини четдан қидириб юрманг.
      Барчага фарзанд учун «Отанга раҳмат!» деган дуони эшитиб юриш насиб этсин…

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan