Бугунги кунда коррупция муаммосига жаҳоннинг деярли ҳар бир мамлакатида дуч келиш мумкин. Коррупция сўнгги йилларда халқаро миқёсда трансмиллий жиноят сифатида кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан биридир.
Таъкидлаш лозимки, коррупция келтирадиган зарар барча давлатлар учун тенг саналиб, мазкур иллат давлатнинг турли соҳаларига, хусусан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги имиджи ва инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Мамлакатимизда коррупцияни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлса-да, ҳуқуқни қўллаш амалиётида мансабдор шахсларнинг коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этаётганлик ҳолатлари ҳали ҳамон учрамоқда. Статистик маълумотларга кўра, коррупция жиноятларининг асосан тиббиёт, таълим, хусусан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига лицензия ва руҳсат бериш билан боғлиқ соҳаларда ҳали ҳамон камаймаётганлиги ташвишлидир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, коррупция ва порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб келади. Мамлакатимиз мустаҳкамлиги, халқимиз фаровонлиги, юртнинг ривожи ва гуллаб яшнашини, обод бўлишини истаган ҳар бир фуқаро пора олиш ва бериш иллатидан халос бўлиши, бир сўз билан айтганда “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиши керакдир.
Самарқанд вилоят судининг судьяси
ЖАҲОНГИР Арсланов
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон
шаҳар судининг раиси
АБДУСАТТОР Абдураззаков