Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак.
Бугунги кунда, айниқса карантин даврида аксарият аҳоли “ўзини яккалаш” тарзида ҳаёт кечирмоқда. Таъкидлаш жоизки кўплаб давлатларда карантин жорий этилиши натижасида аксарият мамлакатларда иқтисодий муаммолар юзага кела бошладики, бу ўз навбатида аҳолининг ўрта ва қуйи қатламига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатди, яъни кунлик даромад манбаининг йўқолди ёки тушиб кетди, режалаштирилган лойиҳалар вақтинча қолдирилди, мавсумий ишлар орқали топиш мумкин бўлган даромаддан айрилди ва бошқалар.
Бунинг натижасида табийки оилаларда ҳам қалтис вазият юзага кела бошлади.
Оила кодексига мувофиқ мувофиқ эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва улар тенг мажбуриятларга эгадирлар, эр ва хотиннинг ҳар бири машғулот тури, касб ва туриш ҳамда яшаш жойини танлашда эрклидир.
Ушбу Кодексининг 26-моддасига кўра қимматбаҳо буюмлар ва зебу-зийнатлардан бошқа шахсий фойдаланишдаги буюмлар (кийим-бош, пойабзал ва бошқа шу кабилар), гарчи никоҳ давомида эр ва хотиннинг умумий маблағи ҳисобига олинган бўлса ҳам, улардан фойдаланиб келган эр ва хотиннинг хусусий мулки ҳисобланади.
Умуман олганда зўравонлик ўзи нима?
Зўравонлик бу бир шахснинг иккинчи шахсга нисбатан қасддан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали унинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик).
Оилавий зўравонлик эса зўравонлик ҳаракати (ҳаракатсизлиги) оила аъзосининг бошқа аъзоларига (хотин, ота-она, болалар ва бошқалар) нисбатан амалга оширилиши тушунилади. Умуман олганда бутун дунёда статистик маълумотларга кўра аксарият ҳолларда оилавий зўравонликдан хотин-қизлар жабр кўради. Оилавий зўравонлик жинсий, жисмоний, иқтисодий ва руҳий зўравонлик шаклларида амалга оширилиши мумкин.
Бизнинг мамлакатда бу каби ҳолатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ва жавобгарлик мавжудми?
Конституциямизда фуқароларнинг бир қатор асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хусусан ҳеч кимнинг қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурлиги белгилаб берилдики, бу талабларга ҳамма риоя қилиши шарт.
Шу ўринда бу каби содир этилган қилмишлар учун уларнинг турига ва оғирлаштирувчи ҳолатларга қараб Жиноят кодекси биринчи бўлмининг (шахсга қарши жиноятлар) бир қанча моддаларида жиноий жавобгарлик белгиланган.
Масалан, ЖКда қасддан одам ўлдирганлик учун (97-модда) ўн йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш учун (103-модда) уч йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.
Шунингдек, оилавий зўравонлик ҳолатлари аниқланганда фуқаролар томонидан содир этилиши эҳтимоли кўп учрайдиган қасддан баданга оғир (104-модда), ўртача оғир (105-модда) ёки енгил (109-модда) шикаст етказиш, қийнаш (110-модда), ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш (112-модда), жиноий равишда ҳомила тушириш (аборт) (114-модда), хавф остида қолдириш (117-модда), номусга тегиш (118-модда), аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш (121-модда), вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни, ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш (122-123-моддалар), никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (1251-модда), тиланчилик қилиш (1271-модда), аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш (136-модда) каби қилмиш содир этган шахс Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жавобгарликка тортилади.
Республикада оилавий зўравонликка қарши кураш ва уни олдини олиш мақсадида 2019 йил 3 сентябрдан “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонуни кучга кирди.
Қонунга мувофиқ хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Ҳукумат ва давлат ташкилотларининг соҳадаги ваколатлари ва хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишнинг умумий чора-тадбирлари белгилаб берилди.
Қонунга асосан хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг ҳолатлари содир этилганда қуйидаги якка тартибдаги чора-тадбиралар кўрилади:
профилактика суҳбатини ўтказиш;
ҳимоя ордерини бериш;
тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказларга жойлаштириш;
зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш.
Мазкур Қонунга асосан ва хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида азирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги 3-сон қарори билан Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисида низом тасдиқланди.
Оиласи ва атрофдагилар томонидан тазйиққа учраган хотин-қизларга ордер қай тартибда берилади?
Низомга кўра ҳимоя ордери 24 соат ичида зўравонликка учраган фуқарога ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори томонидан берилади. Жабр кўрган аёл ёки бу ҳақида хабардор бўлган учинчи шахс (қўшни, қариндош ва бошқалар) яшаш ҳудудидаги ҳуқуқ-тартибот органларига ариза билан мурожаат қилади.
Профилактика инспекторлари жабрдийданинг яшаш шароитини ўрганиб чиқиб, 24 соат муддатда ордер бериш масаласи ҳал қилинади. Ҳимоя ордери ўттиз кун муддатгача берилади ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради. 30 кунлик муддат учун бериладиган ҳужжат 3 нусхада бўлади, яъни аризачи, зўравонлик содир қилган шахс ва профилактика инспекторида сақланади.
30 кун муддатда жабр кўрган аёлга зўравонлик содир қилган шахс томонидан яна тан жароҳати етказса, фуқарога нисбатан жиноят иши очилади. Хавф-хатар ҳали бартараф қилинмагани аниқланса, ҳимоя ордери муддати узайтирилиши мумкин.
Умумий ҳисобда кўплаб аёллар маиший зўравонликдан азият чекишган. Зеро, оила ҳар бир шахс учун учун муқаддас, ҳатто бир нафар оила-аъзосининг жавобгар бўлиши айниқса болаларга салбий психологик таъсир этади. Шу сабабли ҳамма ҳам оилада тазйиққа учраётганини очиқ-ойдин айтолмайди. Бу эса айрим ҳолларда кичик муаммонинг йиллар давомида мураккаблашишига ва оғир оқибатларга олиб келиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Юқоридагиларга кўра, оилавий зўравонликка қарши курашда ҳар бир шахс масъул эканлигини, шахснинг шаъни қадр-қиммати доим қонун ҳимоясида эканлигини ва қонунчиликда унга берилган ҳуқуқ қаерда бошланиши ва қаерда тугаши лозимлигини асло унутмаслиги лозим.
Самарқанд вилоят судининг судьяси
ЖАҲОНГИР Арсланов
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон
шаҳар судининг раиси
АБДУСАТТОРАбдураззаков