Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ерга бўлган ҳуқуқни бозор активига айлантириш тўғрисидаги фармонни
имзолади. Ҳокимиятлар ерларни тўғридан-тўғри ажратиш, захиралаш,
ободонлаштиришга ажратиш ва бошқа ваколатларидан маҳрум этилади. Ерга
бўлган ҳуқуқларнинг турлари 6 дан 3 гача қисқартирилади. Ер участкалари
хусусий секторга мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат
ташкилотларига эса доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.

Ўзбекистон Президенти
8 июнь куни «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш,
ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига
айлантириш чора-тадбирлари» тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фармонга
мувофиқ, 2021 йил 1 августдан бошлаб:

– ер участкалари хусусий
секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида,
давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш
органларига (кейинги ўринларда — давлат ташкилотлари) — доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади;

– мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик,
доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор
қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар
уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади;

– ижарага олинган ер участкасида
қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи
бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда
у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга
ўтади;

– қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча
турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган,
натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат
ижара ҳуқуқи асосида ажратилади;

– қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк
ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади;

– давлат ташкилотларига ер участкалари
давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар
Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий
фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;

– барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага
олинган ерлардан ажратилади, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг
ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш
ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жавобгарликка
тортиш учун асос бўлади;

– давлат-хусусий шериклик лойиҳалари
ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга
оширишда ер участкалари давлат
ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади, ушбу ерлар
давлат-хусусий ёки ижтимоий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатига
хусусий шерик, нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа
институтларига ижарага берилиши мумкин;

– кўп квартирали уй жойлашган
ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг
мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, уларга умумий фойдаланиш учун
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар
ҳокимлари томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг
ер муносабатларига оид бир қатор ваколатлари, улар юзасидан қарор,
фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат
қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинади.

Шундай қилиб, ҳокимият органлари ер участкаларини
тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш,
бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф
қила олмайди. Бундан мазкур Фармонга мувофиқ ер участкаларини давлат
ташкилотларига доимий фойдаланишга ажратиш, очиқ танлов якунларини тасдиқлаш,
ижара шартномасини имзолаш, ер участкаларини хусусийлаштириш натижаларини
расмийлаштириш бўйича ваколатлар мустасно.

Бундан ташқари, ҳокимиятлар
ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш,
бекор қила олмайди, шунингдек, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар
тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги
ерларини бошқа ер тоифасига
ўтказиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда
ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бера олмайди.

Ҳокимятлар
хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари
ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни
белгилаш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Қонунчилик ҳужжатларида ушбу Фармонда белгиланганидан
бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча
тартиблар, имтиёз ва истиснолар 2021 йил 1 августдан тўлиқ бекор қилинади.

Давлат ҳокимияти
органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача
тарзда имтиёз ва истиснолар
белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланади.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги органларига
ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда Ўзбекистон
Республикаси Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ ушбу
ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ўзбошимчалик билан эгалланган
ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан
тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.

Электрон
онлайн-аукцион ва очиқ танловга қўйиш учун ер участкаларини танлаш,
келишиш, аукцион ва танловда иштирок этиш учун мурожаатларни қабул қилиш,
аукцион ва танловни ўтказиш, унинг натижаларини расмийлаштириш билан
боғлиқ барча жараёнлар, истисноларсиз фақат электрон ахборот тизимларидан
фойдаланган ҳолда, электрон ҳужжат алмашинуви йўли билан амалга оширилади.

Ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича ҳудудий адлия органларининг ижобий хулосаси
мавжудлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан
ер муносабатларига доир ҳужжатларни қабул қилишнинг мажбурий шарти
ҳисобланади.

Самарқанд вилоят судининг судьяси

ЖАҲОНГИР Арсланов

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

шаҳар судининг раиси

АБДУСАТТОР Абдураззаков

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan