МАМЛАКАТДА
КОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ МУҲИМ ШАРТЛАРИДАН БИРИ

2021 йилнинг 22 февраль
куни Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида
46-сессиясида биринч марта иштирок этди. Кенгашда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ
сўзлади.

Президент нутқида: «Қийноқларнинг
олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамни қадр-қимматини
ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига
бундан буен ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан
қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир. Қийноқларга қарши конвенциянинг
факультатив протоколини ратификация қиламиз» деб алоҳида таъкидлади.

Ҳар
қандай жиноят жамият ва давлат манфаатларига зарар етказади. Ана шундай
жиноятлардан бири қийноққа солишдир.

Қийноқ
ҳуқуққа қарши қаратилган тажовузнинг кўринишларидан биридир. У шахснинг
жисмоний ва руҳий дахлсизлиги, шахсий хавфсизлигига тажовуз килади.

1948
йил 10 декабрда халқаро ҳамжамият «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»ни қабул
қилиш орқали қийноқ ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни хўрловчи
муомала ва жазо турларини қўллашни тақиқлади.

Декларациянинг
5-моддасида «Ҳеч ким азоб-уқубатга ёки ваҳшийларча, инсонликка иснод бўлган ёки
қадр-қим­матни хўрлайдиган муомала ва жазога мустаҳиқ бўлмаслиги керак» деб мустаҳкамланган.
Мазкур қоидалар Ўзбекистон  
Республикаси   Конституциясининг
26-моддасида акс этган. Унда «Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз  ёки 
инсон  қадр-қимматини камситувчи
бошқа тарздаги тазйиққа  дучор   этилиши  
мумкин   эмас»лиги белгиланган.
Ушбу конституциявий ҳуқуқларни кафолатлаш давлат фаолиятининг устувор
вазифаларидан биридир. БМТ қийноқларнинг олдини олиш борасидаги
мажбуриятларнинг бажарилиши, шахсни таҳқирловчи ва инсоний қадр-қимматни
камситувчи муомаладан ҳимоялашни мунтазам муҳокама қилиб келади. 1984 йил 10
декабрда БМТнинг Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа
шафқат­сиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни тахқирловчи турларига қарши конвен­ция
қабул қилинган. Бугунги кунда ушбу конвенцияга 166 давлат қўшилган ва улар ҳар
тўрт йилда БМТнинг Қийноқларга қарши қумитасига ҳисобот беради. Бу қийноққа
қарши курашнинг дунё учун нақадар долзарб эканини кўрсатади.

Ўзбекистон
юқоридаги кон­венцияга 1995 йил 31 августда қў­шилган. Конвенциянинг
19-моддасига асосан мамлакатимиз конвенцияга доир мажбурият­ларнинг бажарилиши
юзасидан БМТнинг Қийноқларга қарши қумитасига даврий маърузалар тақдим этиб
келади.

Конвенциянинг   давоми  
сифатида қийноқлар ҳамда жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қим­матни
камситадиган турларининг олди­ни олиш, шунингдек, мустақил халқаро ва
миллий   органларнинг озодликдан маҳрум қилинган
шахслар сақланадиган жойларга беъмалол кириш-чиқиш тизимини яратиш мақсадида
2002 йил 18 декабрда БМТ Бош ассамблеясининг 57/199-резолюцияси билан «Қийноқлар
ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз,  
ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турла­рига қарши конвенцияга
факульта­тив протокол» қабул қилинган.

Факультатив
протоколнинг асосий мақсади қийнокларнинг олдини олиш бўйича халқаро ва миллий
превентив механизмларни жорий этишдан иборат. Ушбу протоколнинг 2-моддасига
асосан халқаро даражада БМТнинг Қийноқларга қарши қумитасининг қийноқлар ҳамда муомала
ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган
турларининг олдини олиш бўйи­ча кичик қумитаси ташкил этилган.

Факультатив
протоколнинг 3-моддасида ҳар бир иштирокчи давлат қийноқлар ҳамда муомала ва
жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган
турларининг олдини олиш бўйича миллий даражада битта ёки бир нечта орган
(миллий превентив механизм) ташкил этади, тайинлайди ёки қўллаб-қувватлайди деб
белгиланган.

Факультатив протоколнинг
4-моддасига асосан «Ҳар бир иштирок этувчи давлат мазкур протоколга мувофиқ ўз
юрисдлкцияси ва назоратида бўлган давлат орган» фармойиши ёки унинг кўрсатмаси
ёхуд унинг рухсати ёки индамасдан розилиги билан озодликдан маҳрум қилинган
шахслар сақланадиган ёки сақланиши мумкин бўлган ҳар қандан жойда миллий
превентив механизмлар томонидан бўлишига рухсат беради. Ушбу ташрифлар бундай
шахсларни зарурат бўлганда қийноқлар ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз,
ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларидан ҳимоя қилишни кучайтириш
мақсадида амалга оширилади».

Халқаро
стандартларда миллий превентив механизмлар оператив мустақилликка эга бўлиши
кераклиги қайд этилган. Уларни ижро ҳокимияти, масалан, вазирликлар, ижро
кенгашлари ёки маҳкамалари, президент ёки бош вазир институционал назорат қилмаслиги
керак. Қонунда ижро ҳокимияти органлари мил­лий превентив механизм фаолиятига ҳамда
унинг ўз мандатини бажаришига аралашмасликлари (масалан, уларнинг ходимларига кўрсатмалар
бермасликлари, уларнинг мандатларига ўзгартириш киритмасликлари ва бошқалар) тўғридан-тўғри
кўрсатиб ўтилган бўлиши керак.

Ўзбекистонда
қийноқнинг олдини олиш бўйича миллий превентив меха­низм ташкил этиш масаласида
«Омбудсман» модели ҳақида 2019 йилнинг 11 ноябридан 6 декабрига қадар ўтказилган
БМТ Қийноқларга қарши қумитасининг 68-сессиясида қайд этиб ўтилган.

2019
йил 14 мартда «Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги
қонун «Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни
камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бў­йича
фаолияти» деб номланган 209-модда би­лан тўлдирилди. Бу билан омбудсманга кенг
ваколатлар берилди. Хусусан, вакил қамоқда саклаш жойларига мунтазам кириш орқали
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи
муо­мала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олди­ни олиш бўйича чоралар кўриш ҳуқуқига
эга.

Қийноқнинг
олдини олиш бўйича миллий превентив механизм сифатида Омбудсманга Факультатив
протоколнинг 19-моддасида белгиланган вако­латлар берилган.

Президент
Шавкат Мирзиёев 2020 йил­нинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатида
омбудсман ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори
ва жазони ўташ муассасаларига «мониторинг ташрифлари» тизимини йўлга қўйиши
кераклиги, Олий Мажлис палаталари ҳар йили омбудсманнинг қийноқларнинг ол­дини
олиш бўйича маърузасини эшитиб, бу иллатга бутунлай барҳам бериш бўйича зарур
чора-тадбирларни белгилаши лозимлиги таъкидланди.

Ушбу
таклифлар 2017-2021 йилларда Ўзбе­кистан Республикасини ривожлантиришнинг бешта
устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли
саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг
23-бандида «Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини
такомиллаштириш»га оид белгиланган вазифаларда акс этди.

БМТ
конвенциясининг факультатив протоколи имзоланиши шахс эркинлиги чекланган
муассасаларни нафақат миллий ташкилотлар, шунингдек, мустақил халқаро
ташкилотларнинг ҳам мониторинг қилиш имкониятини юзага келтиради. Бу эса қийноқларнинг
ол­дини олиш бўйича халқаро превентив механизмларнинг жорий этилишини
англатади.

Факультатив протоколнинг
ратифика­ция қилиниши, қийноқларнинг олдини олиш бўйича омбудсман
ваколатларининг кенгайтирилиши, жамоатчилик вакиллари билан бир­галикда тергов
изолятори ва жазони ўташ му­ассасаларига «мониторинг ташрифлари»нинг тизимли
амалга оширилиши, Олий Мажлис палаталарининг мазкур йўналиш бўйича зарур
чора-тадбирларни белгилаши мамлакатимизда қийноқларнинг олдини олиш бўйи­ча
превентив механизмлар фаолиятини такомиллаштиришга, инсон ҳуқуқларини
таъминлашга хизмат қилади.  

Самарқанд вилоят судининг судьяси

Арсланов ЖАҲОНГИР

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

шаҳар судининг раиси Абдураззаков АБДУСАТТОР

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan