Конституциявий
судни инсон ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларининг қўриқчиси
бўлган судлов органи деб айтиш мумкин. Конституциявий суднинг мустақиллигини
таъминлаш эса долзарб аҳамиятга эга.
Бинобарин,
Конституциявий суд ишларни фақат Конституцияга бўйсунган ҳолда кўриб ҳал қилиши
учун унинг мустақиллигини таъминлаш зарур.
2021
йил 27 апрелда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги
қонуни қабул қилинди. Унда Конституциявий суд судьяларининг мустақиллигини
таъминлашга қаратилган қуйидаги янгиликлар жорий этилди.
Биринчидан,
Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати қайта кўриб чиқилди. Аввал
Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати беш йилни ташкил этган бўлса,
янги қонунга кўра биринчи марта сайланганда беш йилни, навбатдаги сайланганда
ўн йилни ташкил этади.
Таъкидлаш
жоизки, аввалги қонунда айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий
суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмаслигига доир қоида янги қонунда ҳам
сақланиб қолди. Бу шуни англатадики, аввал Конституциявий суднинг судьяси бўлиш
муддатининг энг кўп узоқ муддати 10 йилни ташкил этган бўлса, эндиликда бу
муддат 15 йилни ташкил этади. Мамлакатимизда Конституциявий суд судьяларини
узоқ муддатга сайлаш тизимини босқичма-босқич жорий этилаётгани Конституциявий
суд судьяларининг мустақиллигини таъминлашда ижобий аҳамиятга эга.
Иккинчидан,
Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари бўлишга муддат нуқтаи назаридан
чеклов ўрнатилди. Қонуннинг 18-моддасига биноан эндиликда айни бир шахс
Конституциявий суд раиси ёки унинг ўринбосари этиб икки муддатдан ортиқ
сайланиши мумкин эмас. Юқорида таъкидланганидек, айни бир шахс Конституциявий
суд судьяси сифатида фаолият олиб бориш мумкин бўлган муддатнинг чегараси 15
йилни ташкил этса, айни бир шахснинг Конституциявий суд раиси ёки унинг
ўринбосари сифатида фаолият олиб бориш мумкин бўлган муддатнинг чегараси узоғи
билан 10 йилни ташкил этади.
Бир
шахснинг Конституциявий суд раиси ёки унинг ўринбосари этиб икки муддатдан
ортиқ фаолият олиб бора олмаслиги Конституциявий суднинг ички мустақиллигини
таъминлайди. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги судьяларнинг ўзлари фаолият олиб
бораётган суддан ташқари бошқа органлар, ташкилот, муассасалар, уларнинг
мансабдор шахслари, фуқаролар ҳамда юридик шахслар томонидан амалга
ошириладиган босим, аралашув ёки таъсирлардан холи қарор қабул қилишларида
эмас, балки шу билан бирга, ўзлари фаолият олиб борадиган суддаги бошқа
судьялардан ҳам мустақиллигини назарда тутади. Бу ички мустақиллик ҳисобланади.
Жорий этилган чеклов Конституциявий суднинг ички мустақиллигини таъминлашга
хизмат қилади.
Учинчидан,
аввалги қонунда Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд
мажлисида унинг судьялари орасидан сайланиши назарда тутилиб, уларнинг ушбу
лавозимдан озод қилиниши тартибга солинмаган эди. Янги тартибга биноан
Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари ёзма аризаларига кўра
Конституциявий суд томонидан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинишлари
мумкин.
Тўртинчидан,
Конституциявий суд судьяси фаолиятининг ижтимоий-моддий кафолатига алоҳида
эътибор қаратилди. Қонуннинг 17-моддасида ваколатлари муддати тугаган судьяни
янги ваколат муддатига қайта сайлаш ёки бошқа иш тақдим этиш тўғрисидаги масала
ҳал бўлаётган даврда, бироқ уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатда ўртача ойлик иш
ҳақи сақлаб қолинади.
Бешинчидан,
Конституциявий суд судьяларининг дахлсизлиги кучайтирилди. Умуман олганда,
Конституциявий суд судьяси Конституциявий суднинг розилигисиз жиноий ёки
маъмурий жавобгарликка тортилиши, шунингдек, қамоққа олиниши мумкин эмас. Қабул
қилинган қонуннинг 14-моддасига кўра эндиликда Конституциявий суд судьясига
нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўта оғир жиноят содир этганлик
ёки одамнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик айби
қўйилган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин. Бундай қоида Конституциявий суднинг
собиқ судьясига нисбатан ҳам қўлланилади. Бу Конституциявий суд судьясига
нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ҳар қандай жиноят юзасидан
қўлланилавермаслигини англатиб, Конституциявий суд судьясининг дахлсизлигини
кучайтиради.
Хулоса
ўрнида таъкидлаш жоизки, Конституциявий суд судьяларининг мустақиллиги
кафолатини янада кучайтириб бориш Конституциявий суднинг ишларни фақат
Конституцияга бўйсунган ҳолда кўриб чиқиш имкониятини кенгайтиради. Қабул
қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонунда
айнан мана шу жиҳатнинг эътиборга олингани диққатга сазовор. Конституциявий суд
судьяларининг мустақиллиги кафолатларини бундан кейин ҳам кучайтириб бориш
Конституциявий суд олдига қўйилган вазифаларни адолатли амалга ошириш,
мамлакатимизда Конституциянинг устунлиги тамойилининг амалий ифодасини
таъминлайди.
Самарқанд вилоят судининг судьяси
Жаҳонгир АРСЛАНОВ
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон
шаҳар судининг раиси
Абдусаттор АБДУРАЗЗАКОВ