Каттақўрғон тарихи.
Каттақўрғоннинг тарихига оид бир қатор илмий-оммабоп нашрларда ёзилишича Симбирскийда руҳонийлар оиласида туғилиб, татар тилини яхши билган ва “Қуръон” китобининг сураларини ёд олган Алексей Зелинецкий 1872 йилда Каттақўрғонга черков бошлиғи бўлиб келади. Шу йили у ўз уйида, кейинчалик подшолик томонидан ижарага олинган ҳозирги 1-мактаб биносида мактаб очади. Дастлаб, мактабда 8 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларни рус тилида ўқитган. Ўқувчилар сони атига 16 нафарни ташкил этган. 1879 йил А.Зелинецкий мактаби бошланғич рус мактабига айланди. 1880 йил мактаб халқ маорифи вазирлиги ихтиёрига ўтиб, унда ўғил ва қиз болалар асосан бошланғич таълим олганлар. Мактабга маҳаллий миллатлардан фақат подшо хизматида бўлганларнинг болаларигина ўқишга кира олганлар.
Подшо маъмурияти рус тилини биладиган амалдорлар, хизматчилар, таржимонлар тайёрлаш зарурати билан рус-тузем мактаби ташкил этиб, уларга асосан маҳаллий мулкдор табақаларнинг фарзандлари қабул қилинган. Бундай мактаб Каттақўрғонда 1886 йил 28 июнда ҳозирги 8-мактаб биносида очилган. Унда дастлаб 10 ўқувчи ўқиган. Ўқишлар рус, татар, ўзбек тилида олиб борилган. Руз-тузем мактаби маҳаллий миллат болаларига диний мактабларда ўқитиладиган фанлардан ташқари русча хат-саводга ҳам ўргатилган. Мактабларда ўқиш ва ёзишга ўргатилганда В.П.Наливкиннинг 1886 йил Тошкентда чоп этилган “Азбука” дарслигидан ҳамда С.А.Малинина ва К.П.Бурненларнинг “Арифметик масалалари тўплами”дан фойдаланилган. Машғулотлар хафтада 6 кун 4 соатдан ўтилган. Дастлабки 3 соатлик машғулотни рус тилида рус ўқитувчиси олиб борса 4 соатида мулла мусулмон динининг асослари ўқитилган. Мусулмон болалари учун Ҳожи Саид Азизовнинг “Устоди аввал” дарслигидан биринчи йили 64 соат ўргатилган. Иккинчи йили шу дарслик бўйича 49 соат ўргатилган. Сўнгра 520 бетли “Қуръон”нинг 50 сураси ўқитилиб тўрт бети ётлатилган. Учунчи ва тўртинчи йили ҳам “Қуръон”ни ўқиш ўрганиш ёдлаш билан ўтар қисман турли иш қоғозларини юритиш ўргатилган. Ҳисобдан тўрт амал устида машқ қилдирилган.
Давоми бор.
Д.Таирова
халқ депутатлари шаҳар
Кенгаши депутати,
тарихий музей мудираси