Бугун шаҳримиздаги 2- умумтаълим мактабида шаҳар Халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактаб ўқувчи ёшларининг 9-синфларида “Фан олимпиадаси” шаҳар босқичининг очилиш тадбири бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малака кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ 4306-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган ушбу олимпиада белгиланган низом ва санитария талаблари асосида ташкил қилинди.
Тадбирда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, Самарқанд ВХТБ бўлим бошлиғи Ж.Мияссаров, шаҳар Халқ таълими бўлими мудири Ш.Тагаев ва фахрий устозлар иштирок этдилар.
Фан олимпиадаси иштирокчиларини қутлар экан шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова бугун мамлакатимизда таълим-тарбия жараёнига берилаётган эътиборнинг нақадар юқори эканлигини, юрт тараққиёти ва жамият ривожига ёшлар ўзларининг зукколиги ва комиллиги, юксак тафаккурлари билан муносиб ҳисса қўшишлари, бугун Президентимизнинг таъбири билан айтганда мактаб остонаси билан бошланаётган янги Ўзбекистоннинг келажаги бўлмиш ёш авлоднинг шунга муносиб бўлиб вояга етишлари лозимлигини таъкидлади.
Шаҳар Халқ таълими бўлими мудири Шухрат Тагаев ва бошқа тадбир иштирокчилари ўқувчи-ёшларнинг фан олимпиадасида фаол иштирок этиб, ўз иқтидорларини намоён этишларида муваффақиятлар тиладилар.
Ҳилола ЭРГАШЕВА