Бунча эрта кетдинг, Улуғбек,

Мунгли нолам бўлиб қолдинг- ку!

Қурбон бўлдинг қаддинг тутиб тик,

Бағрин тиғлаб онанг қолди- ку!

Чимилдиқ кўрмаган болам-а,

Юрагимнинг ширин парчаси,

Қуриб кетсин у шум ўлим-а,

Сўнди умидларинг ғунчаси.

Беқасам тўн, дўппи белбоғинг,

Кийилмасдан ордона қолди,

Мактубларинг ўрнига келган,

Шум хабардан ҳушим йўқолди.

Ҳа, фарзандининг тўйини, ёр- ёрлар билан чимилдиққа кирганини кўрмаган, неваралар кўриб, эркалатиш, уларга аллалар айтиш армон бўлган, аламзада аёлнинг қалб нидоси эди, бу.

Оғир жудолик онаизорнинг не- не орзу- умидларига соя солди, юраги ғам- андуҳларга тўлди. Дунё зулматга чўккандай бўлди, гўё. Йўқ. Бевақт келган мусибатдан унинг ўзи чўкди, букилди, эгилди, аммо синмади, Сабоҳат.

– “Аяжон, ҳизматларим яхши, ҳаммаси жойида. Тез орада кўришамиз”, деб ҳарбий хизматдан ёзган Улуғбекнинг хатларини қайта- қайта ўқиди, ёниб ўқиди , куйиб ўқиди. Бу Ватан сарҳадларини ҳимоя қилишда мардларча ҳалок бўлган Улуғбек Барноевнинг онасига ёзган сўнгги мактуби эди…

Кутганингнинг келмаслиги, кутиш азоби, соғинч азобини фақат бошидан ўтказган инсонгина ҳис эта олади, ҳолос.

Ўзбек аёли матонатли бўлган азалдан. Сабоҳат Барноева ҳам ёнида қолган қўшқаноти Нафиса қизи, ўғли Отабекдан куч олди, уларнинг қадди- бастига борлигига қараб тасалли олди, шукроналар келтирди Оллоҳга. Турмуш ўртоғи Абдулла аканинг далдаси, маънавий кўмаги мадад бўлди, унга. Кунлар ўтди, ойлар ўтди, қайси кундир юрагида фахр отлиғ нимадир уйғонган  бўлди: “Менинг ўғлим ўлмаган, у тирик, у мангу барҳаёт! У юртининг боғларига ғубор қўнмасин деб, тоғларига ёвлар уя қўймасин деб жон фидо қилди. Нишонлари тақа олиаган менинг қаҳрамон ўғлим”.

Унинг кўксига ўғлининг “ Жасорат” медалини тақиб қўяётганларида эса, дунё яна бир бор қалққандай бўлди гўё. Юрак – бағри эзилиб кетди. Кўз олдига тўнғич фарзанди жажжи Улуғбекнинг илк табассуми, илк марта она деб унга талпиниши, илк марта қўлларидан тутиб мактабга олиб боргани, илк марта етуклик аттестати билан дарвозадан кириб келиши, илк марта аскарликдан ёзган мактуби. Сабоҳат шуларни эсларкан, ҳар гал кўзларидан оққан ёш , ёмғирда қолган суратдай ҳаммасини ювиб кетарди.

Менинг мард ўғлим, паҳлавон ўғлим, қаҳрамон ўғлим! Ана шундай бир даъват уни оёққа турғазди. У яна ўз севган ишига қайтди. Иш билан овунди. Жажжи болажонлар орасида бироз бўлса-да, дардларини унутгандай бўлди. Улар билан ўтказиладиган турли мавзудаги машъғулотларга бош- қош бўлди. Лавҳамиз қаҳрамони Сабоҳат Барноева қарийб қирқ йилга яқин шаҳардаги МТМларда фаолият юритди. Шунинг учундир, шаҳар, қолаверса, вилоятда ҳам ўз касбига меҳр қўйган бу аёлни танимаганлар топилмаса керак.

Бу соҳада ишлаш осон эмас. Инсонда чидам, сабр, маҳорат зарур бўлади. Мурғак бир гўдакнинг камолга етиши, унинг инсон бўлиб шаклланишида аввало оиланинг, қолаверса тарбиячиларнинг меҳри, эътибори алоҳида аҳамиятга эга. У бу борада ота-оналар, айниқса ёш ота- оналар билан бўлган суҳбатларда кўп бора таъкидларди.

Дарвоқе, Сабоҳат Барноевада педагогик билим, етакчилик қобилияти кучлилиги сабаб, у 02855- сонли мактабгача таълим муассасасида узоқ йиллар етакчилик қилди. Меҳнат фаолиятини оддий энагаликдан бошлаган заҳматкаш аёл, ўзининг меҳнатсеварлиги , ҳалоллиги боис ҳурмат эътиборга сазовор бўлди. У иш фаолияти давомида тарбияланаётган ёш авлодни етук, баркамол ва соғлом бўлиб етишиши учун қилган меҳнати, изланишлари бесамар кетмади. У Қуролли Кучлар Қўмондонининг бир қанча мақтов ҳамда фахрий ёрлиқларини олишга сазовор бўлди.

Сабоҳат Барноевада ўз вақтида жамоасини ҳам бошқара билиши, оилада оналик вазифасини ҳам, уддабурон бекаликни ҳам маҳорат билан уддалаш қобилиятини уйғунлаштирувчи бир жасорат бўлган бўлса ажаб эмас.

Айни пайтда эса, ўз ҳаётидан мамнун, камтарин,  саодатли бу аёл фарзандлари, набиралари қуршовида турмуш ўртоғи Абдулла ака Барноев билан бахтли ҳаёт гаштини суриб яшамоқда. Ана шундай метин иродали, аёллик нафосати-ю, оналикнинг улуғ мартабасига муносиб бўлган Сабоҳат Барноева каби замондошларимизнинг борлигидан фахрланамиз. 

Эркатош ШУКУРОВА.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan