Салим ўрта мактабни тамомлагач ҳаётда қайси касбни танлаш масаласида иккиланиб қолди. Чунки унинг икки акаси ички ишлар ходими сифатида хизмат қилиб, элда обрў топган инсонлардан бўлиб, уларга барча таниш-билишларнинг ҳаваси келарди. Юрагида ички ишлар ходими бўлиб, акаларининг ишини давом эттириш истаги ёниб турган бўлса-да йигит бошқа йўлни танлади. Шифокор бўлиш, одамларнинг дардига дармон топиш, эл саломатлигини сақлаш йўлида меҳнат қилишга жазм этди. 1968-1971 йилларда Жиззах медицина билим юртида тиббиёт соҳаси сир-асрорини ўрганди. Икки йил Каттақўрғон туман марказий шифохонасида меҳнат қилди.
Ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаган Салим ўз касбини ўзгартириб, ички ишлар ходими бўлишга қарор қилди. 1975 йилда уни йўлланма билан Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлимига ишга қабул қилишди. Қарийб 27 йил у шу соҳада астойдил меҳнат қилди. Билимини ошириш мақсадида Самарқанд педагогика институтини тамомлаб, олий маълумотли бўлди. Инсон психологияси, ёшлар тарбияси, оила ва ҳуқуқий маданият масалалари билан қизиқиб, ўз устида мунтазам иш олиб борди.
Салим Холиқулов салкам ўн йил шаҳар паспорт столи бошлиғи, етти йил шаҳар ички ишлар бошлиғининг муовини вазифасида ишлаб, 2002 йилда милиция подполковниги даражаси билан нафақага чиқди. Соҳа ходими учун энг зарур фазилатлар-мардлик, дадиллик, сабр-тоқат, иродали бўлиш, кишиларнинг руҳиятини яхши билган ҳолда доимо уларга ёрдам беришга шай туриш кабилар унда мавжуд бўлгани боис хизматдан чарчамади, нолимади. Аксинча, кўпгина ҳамкасбларига мададкор бўлиб, қийин чоғларда уларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилди. Маҳалласида ҳам камтарлиги, самимий муомаласи, оилапарвалиги билан обру топди.
Оиласини, маҳалласини қадрламаган инсон ички ишлар соҳасида астойдил меҳнат қилиши қийин. Чунки, инсонларга меҳр-муҳаббат жўш урган қалб соҳиби осойишталик учун, кишилар ҳаётини хавф-хатардан қутқариш учун ўз ҳаётини хавф остига қўяди. Синов чоғлари ўзини эмас одамларни ўйлайди. Салим Холиқулов ўз фаолияти давомида ҳақиқий мард ички ишлар ходимларини ҳам кўрди. Ўз нафсини ўйлаган, баъзида вазифасига енгил-елпи қарайдиган нусхаларга дуч бўлди. Лекин соҳада ҳалол ва адолатли ишлаган инсон элда обру топишини, бахтли яшаши мумкинлигини ҳам устозлари, покиза ҳамкасблари ҳаёти мисолида исботини кўрди.
С.Холиқулов турмуш ўртоғи Тўлғаной Холиқова билан аҳил ва осуда, ширин турмуш кечириб 3 ўғил, икки қизни вояга етказишди. Улар турли соҳаларда меҳнат қилиб, бахтли ҳаёт кечиришяпти.
Салим ака маҳалла фаолиятида фаол иштирок этиб, турли тадбирларни ўтказишга ҳиссасини қўшиб келади. Чунки, у кишининг таъбири билан айтганда “шифокор, ўқитувчининг пенсионери бўлмаганидек, ички ишлар ходими ҳам пенсияга чиқдим деб қўл қовуштириб ўтира олмайди.Улар доим халқ ташвиши билан яшайди.”
Қаҳрамонимиз янги Ўзбекистонда кечаётган буюк ўзгаришлар, шиддатли тараққиёт, аниқ ва ишончли, кафолатланган келажакдан беҳад шодланиб, шукрона айтиб яшамоқда. “Элга хизмат қилган кам бўлмайди” деб бежиз айтишмаганку, ахир!
Мамадали ЭРГАШЕВ.