Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари ўн еттинчи сессияси ўтказилди. Унда шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, депутатлар, шаҳар Халқ таълими бўлими вакиллари, мактаб директорлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Сессияни Кенгаш раиси, шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова олиб борди.
Сессия кун тартибидаги асосий масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳасига таклифлар тақдим этиш тўғрисидаги масала депутатларнинг муҳокама марказида бўлди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз Раҳбарининг таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган ушбу Фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ушбу масала юзасидан сўзга чиққан шаҳар Халқ таълими бўлими мудири Шухрат Тагаев, бугунги куннинг долзарб мавзусига айланган ушбу Фармон лойиҳаси ҳамда бу борада шаҳримизда таълим тизимини яхшилаш юзасидан берилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб билдирилган таклифлар хусусида сўз юритди.
Жумладан, бошланғич синфларда куни узайтирилган гуруҳлар ташкил этиш, мактабларда алоҳида касбга йўналтириш хонасини ташкил этиш, соғлом овқатлантириш (аутсорсинг хизмати)ни йўлга қўйиш, электрон дарсликлар платформасини ташкил этиш, ўқувчилар сонини 25-30 нафар қилиб белгилаш, шаҳарда камида 6 та фандан (математика, информатика, кимё, биология, физика, география) ихтисослаштирилган мактаб интернатларини ташкил этиш, ўқув дарсликларини эркин сотувга қўйиш (ижара тизимидан воз кечиш), 4 синфни тамомлаган ўқувчиларни келгусида ихтисослаштирилган синфларда ўқишни давом эттириш мақсадида саралаб олиш тизимини жорий этиш ва бошқа бир қатор таклифларни ўртага ташлади.
Сессия ишида иштирок этаётган ўқитувчилар ва депутатлар томонидан ушбу таклифлар бўйича фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Сессия якунида кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Ҳилола ЭРГАШЕВА.